Одамлар карантин қоидаларини унутиб қўйди! – Турдимов жиддий мурожаат билан чиқди

Жамият

image

Карантин қоидаларини юмшатилди дегани уларга зид ҳаракат қилиш керак дегани эмас. Бу ҳақда бугун, 4 май куни Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов вилоят аҳолисига мурожаати давомида таъкидлаб ўтди.

"Самарқанд вилоятинг барча аҳолисига мурожаат қилмоқчиман. Ҳурматли, самарқандликлар! Ҳозирда карантинни юмшатиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Аммо кеча ва олдинги кун бўйича айтадиган бўлсак, одамлар карантин қоидаларини унутиб қўйди. Унутиб қўйди! Карантин қоидаларининг юмшатилиши карантинга хилоф равишда ҳаракат қилиш мумкин дегани эмас. Душанба куни ҳолатида коронавирусга чалинганлар сони (Самарқандда) 115 нафарга етди.

Бу эса олдимизда катта хавф турибди дегани. Касаллик кўпаймоқда. Қаерларда? Тойлоқ тумани, Самарқанд шаҳри, Лойиш шаҳарчаси ва унга туташ ҳудудларда, Челак шаҳарчаси ва унга туташ ҳудудларда вазият яхши эмас. Шунинг учун, бу жойларда карантин қоидаларига жиддий риоя қилиниши керак.

Шу нуқтаи назардан, биринчи илтимосим шуки, карантин қоидаларига риоя қилинг, оралиқ масофани сақланг. Рухсат берибди деб машинанинг ичига 5-6 нафарлаб одамни миндириб кира қилиб юришибди. Мумкин эмас ахир, эртага шарманда бўласиз. Машинага икки кишидан кўп одам бўлмаслиги керак.

Кўпчиликда ниқоб ҳам эсдан чиқа бошлади. Ҳурматли, самарқандликлар! Карантин қоидаларига жиддий риоя қилишимиз керак. Давлатимиз карантинни юмшатиш ҳақида бош қотирмоқда. Агар биз карантинга амал қилмасак, чоралар яна жиддийлашиши мумкин. Бунга сабабчи бўлиб қолмайлик. Ўзимизни, ота-оналаримиз ва фарзандларимизни ўзимиз асрашимиз керак", дейди Турдимов ўз мурожаатида.

Эслатиб отамиз, мурожаат давомида таъкидланган Тойлоқ ҳудуди кучли назоратда бўлиб турибди. Жорий йилнинг 24 апрель куни туманга кириш чиқиш чеклангани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

242

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг