Одамлар газ баллонлари билан қачон тўлиқ таъминланади? Газ билан-чи?
Жамият
−
06 Март 2019
9093Олий Мажлис Қонунчилик палатасига аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича ишлар аҳволи бўйича ахборот бериш ҳамда депутатлар саволларига атрофлича жавоб қайтариш учун қуйи палатага Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Ходжаев таклиф этилди, дея хабар берди Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати.
Вазир ахборотида қайд этилишича, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тартиби ҳамда аҳоли учун белгиланган нархлар бўйича истеъмол қилувчи ижтимоий соҳа объектлари рўйхати тасдиқланган. Бу борада ҳозирги кунга қадар қатор ишлар амалга оширилган. Айни пайтда республика бўйича жами 3,3 миллионта суюлтирилган газ абоненти бўлиб, газ таъминоти корхоналари томонидан жами 3,4 миллион дона маиший газ баллони етказиб берилган. Бундан ташқари, аҳолининг шахсий 1,1 миллион дона газ баллони бор. Яъни, абонентлар сонига нисбатан таъминланганлик даражаси 137 фоизни ташкил этади. Қолаверса, шу йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республика бўйича 2,1 миллионта ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
2019 йилда суюлтирилган газ манбалари ва тақсимоти балансига кўра, жорий йилда 806,1 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиб, шундан 474,7 тоннаси ёки ўтган йилга нисбатан 60,7 минг тонна кўпроғи аҳолининг маиший эҳтиёжлари учун етказиб берилиши белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги қарорида суюлтирилган газ асосан аҳолининг ўсиб бораётган маиший эҳтиёжларини қоплаш учун йўналтирилиши белгиланганини инобатга олиб, суюлтирилган газни биржада сотиш миқдори йилдан-йилга камайтирилиб борилмоқда.
Депутатлар вазирга бу борадаги масалалар, аҳолини қийнаб келаётган аниқ муаммолар хусусида саволлар билан мурожаат этди. Айниқса, парламент вакилларининг эътирозига сабаб бўлган масала – табиий газ етиб бормайдиган ҳудудларни ўз вақтида суюлтирилган газ билан таъминлаш, газ баллонлари стандартлари ва уларнинг тўлови билан боғлиқ масалалар юзасидан изоҳ сўралди.
Аҳоли кўтараётган муаммоларга кўра, 20 килограммли маиший газ баллонларига кўп ҳолларда меъёрдагидан кам қуйилмоқда. Ёки газ олиш учун келган аҳоли вакилларининг банк пластик картаси орқали тўловни амалга ошира олмаслиги ноқулайлик келтириб чиқараётганига доир фактлар ҳам бор.
Вазир депутатлар саволларига жавоб қайтарар экан, бундай салбий ҳолатлар учраб турганини, бу масалада вазирлик томонидан жиддий назорат олиб борилаётгани, камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан чоралар кўрилаётганини қайд этди. Ўз навбатида, бу борада қилиниши керак бўлган ишлар, назорат қилувчи ва бошқа мутасаддилар масъулиятини янада ошириш юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Қайд этилишича, йиғилиш якунида аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан самарали парламент назоратини олиб боришга келишиб олинган.