Обрўси ортаётган хусусий ҳарбий компаниялар: уларнинг хизматидан нима наф?

Таҳлил

image

Бугунги кунда хусусий ҳарбий компаниялар (ХҲК) нафақат давлатлар ички сиёсатида, балки халқаро муносабатларда ҳам катта роль ўйнашни бошлади. Давлатлараро зиддиятларда ҳукуматлар ХҲКлар очилишига катта ваколатлар бермоқда. Ушбу мақолада хусусий ҳарбий компаниялар, уларнинг халқаро муносабатларга таъсири, Россиядаги ХҲК билан боғлиқ воқеалар ҳақида сўз юритилган.

Хусусий ҳарбий компания нима?

Хусусий ҳарбий компаниялар (ХҲК), шунингдек, хусусий хавфсизлик компаниялари, ҳукуматларга, халқаро ташкилотларга, хусусий мижозларга ҳарбий ва хавфсизлик хизматларини кўрсатадиган хусусий компаниялардир. Ушбу компаниялар кўпинча ҳарбий тажрибага ёки махсус кўникмаларга эга бўлган ходимлардан иборат.

ХҲКлар қуролли хавфсизлик, разведка маълумотларини йиғиш, логистика, ўқитиш ва маслаҳат хизматларини ўз ичига олган бир қатор хизматларни таклиф қилади. Улар объектлар хавфсизлигини таъминлаш, қимматбаҳо бойликларни ҳимоя қилиш, ҳарбий амалиётларни ўтказиш ва можародан кейинги тикланиш ишларига кўмаклашиш каби турли вазифаларда ишлаган.

Танқидчиларнинг таъкидлашича, ХҲКлардан фойдаланиш ахлоқий ташвишларни келтириб чиқаради, чунки улар анъанавий ҳарбий қўмондонлик занжирларидан ташқарида ишлайди ва жавобгарликдан кўра фойдани биринчи ўринга қўйиши мумкин. Инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши ва шаффофликнинг йўқлигини улар фаолиятида кўплаб учратиш мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, хусусий ҳарбий компаниялардан фойдаланиш хавфсизлик масалаларида давлат ва хусусий иштирокчилар ўртасидаги чегараларни йўқ қилади. Хусусан, 2007 йилда Ироқдаги Нисур майдонидаги қирғин, Blackwater хусусий ҳарбий компанияси томонидан Ироқ тинч аҳолисининг ўлдирилиши ХҲКларни танқид қилишни янада кучайтирди.

Сўнгги ўн йилликларда хусусий ҳарбий компаниялар саноати сезиларли даражада ўсди. Бироқ, ХҲКлардан фойдаланишга турли мамлакатлар ва ташкилотлар турлича ёндашади. Баъзи мамлакатларда уларнинг фаолиятини тартибга солувчи қонун ва қоидалар мавжуд бўлса, бошқалари эса улардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлайди.

Хусусий харбий компаниялар қандай пайдо бўлган? 

Хусусий ҳарбий компанияларнинг илдизлари қадимги даврлардаги ёлланма аскарларига бориб тақалади. Хусусан, қадимги Римда Карфаген билан урушлар даврида римликлар асосан ёлланма аскарлар хизматидан фойдалангани ҳақида тарихчилар ёзиб қолдирган. Бироқ, ХҲКларнинг замонавий тарихи ўтган асрнинг 60-70-йилларига тўғри келади.

Деколонизация даврида кўплаб янги мустақил давлатлар хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш учун курашдилар. Баъзи ҳолларда бу давлатларда кучли ҳарбийлар йўқ эди ва бўшлиқни тўлдириш учун хусусий компанияларга мурожаат қилинди. Шу вақт ичида Executiva Outcomes ва Sandline International каби компаниялар пайдо бўлди ва турли ҳукуматларга, биринчи навбатда Африкада ҳарбий хизмат кўрсатди.

1990 йилларда Совуқ Урушнинг тугаши глобал ҳарбий бюджетларнинг қисқариши ҳамда ҳарбий ва хавфсизлик хизматларининг моддий таъминоти ўсишига олиб келди. ХҲКлар бутун дунё бўйлаб можаро зоналари ва можародан кейинги вазиятларда тобора кўпроқ иштирок эта бошладилар. Бунга Ироқ, Афғонистон давлатлари ва Болқон каби минтақаларда ХҲКларнинг иштирокини мисол қилиб келтириш мумкин.

Шу билан бирга, 11 сентябрь воқеаларидан кейин Қўшма Штатлар томонидан ХҲКлардан фойдаланиш сезиларли даражада ошди, чунки АҚШ армияси Афғонистон ва Ироқда давом этаётган можароларга дуч келди. Бу даврда Blackwater (ҳозирги Academi номи билан танилган) каби компаниялар машҳурликка эришдилар. Улар АҚШ ҳукумати билан хавфсизлик, таълим ва бошқа қўллаб-қувватлаш хизматларини тақдим этиш учун шартнома тузган.
2008 йилда қабул қилинган Монтрекс ҳужжати давлатлар учун ХҲКлар фаолиятини қандай тартибга солиш, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига ҳурматни таъминлаш бўйича кўрсатмалар беради. 

Бугунги кунда қандай ХҲКлар фаолият юритмоқда?

Ушбу соҳада даромад ва ходимлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Хусусан, 1990 йилда ХҲКлар 55,6 миллиард доллар даромад топган бўлса, 2003 йилда бу кўрсаткич 100 млрд долларга етган. Бундан ташқари, 2011 йил ҳолатига кўра, ушбу соҳада 25,5 миллион ходим ишлаган ва бу миқдор сўнгги 10 йилда бир неча баробар кўпайган бўлиши ҳам мумкин.

ХҲКлар одатда ҳукуматлар учун фойдали бўлиб, уруш зонасида давлат армияларининг маъсулиятини камайтиради. Аниқроғи, уларнинг хатти-ҳаракатлари армия учун ёрдам бериши мумкин. Бундан ташқари, ХҲК аскарлари кўрсатган талафотлар учун ҳукуматлар маъсул эмаслиги ҳам ХҲКлардан фойдаланиш методи ўсиб бораётганини кўрсатмоқда. Бунга ёрқин мисол “Вагнер” гуруҳидир. Кремль Вагнер билан алоқаларини яқин вақтларгача инкор қиларди, бироқ журналистларнинг ҳисоботлари икки томон ҳам бир-бири билан қанчалик чамбарчас боғлиқлигини кўрсатмоқда. “Вагнер” ёлланма аскарлари Россия базаларида машқ қилган, Россия ҳарбий самолётларида учган ва керак бўлса, Россия шифохоналарига олиб кетилган ҳолатларини кўплаб маротаба учратиш мумкин. Қолаверса, ёлланма хизматчилар асосан истеъфодаги давлат ҳарбийларидан иборатлиги, уларнинг ёлланма аскарлар тайёрлашдаги ҳиссаси ҳам ёлланма хизматчилар малака томонидан давлат ҳарбийларидан қолишмаслигини исботлаб турибди. 

Ёлланма ҳарбийлар давлатлар учун бир нечта имкониятларни тақдим этади. Биринчиси, оғир қуролланган, жанговар кучга эга ёлланма аскарлар гуруҳини бир неча ҳафтага ижарага олиш доимий армияни сақлаб қолишдан кўра анча арзон. Масалан, Нигерия ҳарбий аппарати йиллар давомида “Boko Haram” ХҲКга қарши курашади, лекин 2015 йилда мамлакатдаги сайловларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун бир неча ХҲКлардан фойдаланади. Яна бир афзаллик шундаки, жангларда ҳалок бўлган ёлланма аскарлар миллий сиёсатга таъсир кўрсатмайди. Дарҳақиқат, ўлдирилган ёлланма аскарлар эътиборга олинмайди. 

ХҲКлар нафақат сиёсий ҳаётда, балки маданий ҳаётда ҳам иштирок этмоқда. Бунга дунёдаги энг йирик ХҲКлардан бири G4S`нинг 2012 йил Лондондаги Олимпия ўйинлари хавфсизлик тизимидаги фаолият юритганини мисол қилиб келтириш мумкин.  

ХҲКлар халқаро муносабатларда нафақат давлатлар, балки халқаро ташкилотлар учун ҳам ўз хизматларини таклиф қилмоқда. Чунончи, G4S`га тегишли ArmorGroup гуруҳи Афғонистондаги ҳарбий операцияларда БМТ учун бир неча марта қатнашган. Бироқ баъзи журналистик терговларга кўра, хизмат давомида гуруҳ аскарлари маҳаллий жангари гуруҳларга ҳам хизмат қилиб берган бўлиши мумкин. 

ХҲКлар кўрсатиши мумкин бўлган потенциал зарар

Хусусий ҳарбий компаниялар ҳукуматлар учун шунча фойдаси билан бирга, кўплаб зарарлар ҳам бера олади. Улар кўрсатган зарарни шартли равишда иккига бўлиш мумкин: амалий ва сиёсий. 

Амалий зарарларга тўхталадиган бўлсак, биринчи ўринда сифатли ҳарбий хусусий хизмат давлатлар учун анча қимматга тушиши ҳам мумкин. Масалан АҚШнинг Ироққа интервенцияси даврида хусусий ҳарбий хизматлар нархи бирданига қимматлаб кетган. Бошқа нодавлат ташкилотларнинг хусусий ҳарбий компанияларни ёллаш қобилияти пасайиб, бу хусусий бизнесларга катта зарар олиб келган.

Иккинчидан, ишончлилик ҳам ХҲКлардан фойдаланишнинг катта муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳукуматларнинг ХҲКлардан фойдаланиш нархларини арзонлаштириши ўзларининг зарарига ишлаши ҳам мумкин. Бу хизматнинг ишончсизлашиши ва хавфли бўлиб боришига олиб келади. 2003 йил ёзи ва баҳорида АҚШ ҳукуматининг нархларни минималлаштириши ёлланма аскар хизматининг сифатсизлашишига, натижада АҚШ қўшинларининг ортга чекинишига ҳам сабаб бўлган.

Учинчидан, ХҲКлар мақоми 2008 йилдаги Монтрекс ҳужжатига қарамай, ҳали ҳам қонуний томондан ноаниқ. Уруш қонунлари анъанавий кўринишда эканлиги боисидан улар учун аниқ бир ҳуқуқий меъёр ва маъсулиятлар ҳали ҳам ишлаб чиқилмаган. Бу ёлланма аскарлар учун ҳам, душман томон учун ҳам бир неча муаммоларни келтириб чиқаради. Бир томондан ҳукумат билан шартнома имзоламаган ХҲК аскари одам ўлдиргани учун жазога тортилиши мумкин бўлса, маҳаллий институтлар заиф бўлган ҳудудларда бу яна бошқа муаммони келтириб чиқаради. Бошқача қилиб айтганда, бундай ҳукуматлар ХҲК аъзоси жиноят содир этса, қонунчилик уларни жазолашга қонуний асос топа олмаслиги ҳам мумкин. Dync Corp. хусусий ҳарбий компанияси аскарлари томонидан Болқонда жиноят содир этилган вақтда АҚШ қонунчилиги уларни жазолаш борасида дилеммага дуч келган.

ХҲКларнинг ҳукуматга сиёсий зарар келтириш ҳолатлари ҳам учрайди. Бироқ бу узоқ муддатли жараёндир. ХҲКларнинг қўлида узоқ муддат давомида катта маблағ ва ҳокимиятнинг тўпланиши ўша давлат ҳукуматининг обрўсизланишига сабаб бўлади. Оқибатда бу давлат тўнтаришлари ёки ҳукумат билан ўзаро қуролли тўқнашув билан тугаши мумкин.

Россиядаги “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси билан боғлиқ воқеалар

“Вагнер” ХҲК Украинада уруш бошлангандан бери Россия учун фронтда фаол хизмат қилаётган эди. Бироқ жорий йилнинг 24 июнида ҳолат ўзгарди ва гуруҳ РФ мудофаа вазирлигига қарши исён бошлади.

Ўша куни “Вагнер” ХҲК билан боғлиқ воқеалар ХҲКлар билан ҳукумат муросага киришиши зарурлигини яна бир бор кўрсатиб берди. Компания асосчиси Евгений Пригожин ўз гуруҳининг орқа қисмига РФ мудофаа вазирлиги қўшинлари ҳужум қилганини, шу боис генерал Герасимов ва мудофаа вазири Шойгу унга топширилишини сўраб, Москва томон юриш қилишини эълон қилди. Йўл-йўлакай улар Ростов-Донни ҳам эгаллади. Бироқ ўша куни қўшин дала-лагерларига қайтишини эълон қилиб, Беларусга жўнаб кетди. 

Бу кейс ҳам кўрсатиб турибдики, ХҲКлар мустаҳкам ўрнашган Путин режимига ҳам таъсир қилиши мумкин. Пригожин исёни Путин режими ичидаги келишмовчиликлар билан бирга аҳоли томонидан қўллаб-қувватланиши мумкинлигини ҳам исботлади. Аниқроғи, нафақат кучсиз ҳукуматга, балки аҳолини чарчатган режимга қарши ХҲКларнинг исёни ҳам ҳукуматга яхшигина сигнал бўлиши мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ХҲКлар халқаро муносабатларда катта роль ўйнай бошлаяпти. Шуниси аниқки, ХҲКлар фаолияти ҳар доим танқидий қарашлар билан ёнма-ён бўлиб келган – ҳукумлатлар ХҲКлар тузишга рухсат бериш орқали ҳам ўз ҳарбий ҳаракатларини легитимлаштиришлари, ҳам ўзлари учун катта хавф ҳам пайдо қилишлари мумкин.

Авазбек Мўйдинов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Россия “Вагнер” Blackwater Executiva Outcomes Sandline International хусусий ҳарбий компаниялар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг