ОАВ: Франция ва Япония Эронга “ёғли” таклиф тайёрлади
Олам
−
20 Октябрь 2019
7936Япония ва Франция Эрон агар “Ҳамкорликдаги умумий ҳаракатлар режаси” (ҲУҲР) шартларини тўлақонли бажарса мамлакатга 2 трлн иен (18,4 млрд доллар) миқдорида кредит бермоқчи. Бу ҳақда “Mainichi” хабар тарқатди.
Кредит бўйича кафолат нефть ҳисобига бўлади, ажратилган сумма маҳсулотлар ва дори-дармон сотиб олишга сарфланади. Ёзда Франция Эронга шунга ўхшаш таклиф билан чиққанди. Франция 15 млрд доллар кредит ажратмоқчи бўлганда Эрон санкциялардан келаётган зарарни қоплаш учун кўпроқ маблағ талаб қилганди.
Япония Франция Ҳукуматини қўллаб қувватлашга қарор қилиб, қолган маблағни ажратишга рози бўлган. Расмий Токио бу АҚШ ва Эрон ўртасида ядро дастури бўйича келишув бошлаш имконини беради деб ҳисоблаяпти. Бундан ташқари, Япония яқин орада фуқаролик қатновлари хавфсизлигини таъминлаш учун иккита ҳарбий кемани Форс кўрфазига юбормоқчи. Молиявий кўмак, шундай бўлган тақдирда Эроннинг норозилигини камайтриш учун ҳам ажратилади.
Маълумот ўрнида, “Ҳамкорликдаги умумий ҳаракатлар режаси” ядро дастури 2015 йилнинг июль ойида Эрон, Буюк Британия, АҚШ, Россия, Хитой ва Германия томонидан имзоланган эди. Келишув билан санкцияларни бекор қилиш эвазига Эрон ядро дастурига чекловлар қўйилганди.
Аммо келишув дастлабки ҳолатида 3 йилдан кўп яшамади. 2018 йилнинг май ойида АҚШ ҲУҲРдан чиққанини маълум қилди. Шундан сўнг Эронга қарши санкцияларни тиклашни бошлади.
Шундан сўнг, Эрон ҲУҲРнинг уран ва оғир сув сув заҳиралари бўйича бандларини бажаришни тўхтатди.