Эрон ядро келишувдаги баъзи шартларга амал қилишни тўхтатди

Олам

image

Бугун, 15 майдан Эрон Ислом Республикаси “Ҳамкорликдаги умумий ҳаракатлар режаси” (ҲУҲР) ядро дастури доирасидаги бир қисм мажбуриятларини бажаришни тўхтатди. Бу ҳақда Эрон Атом энергетикаси агентлиги вакили ISNA ахборот порталига маълум қилди.

Маълумотларга кўра, қарор Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган. Тез орада режадаги ишлар эълон қилиниши ҳамда Араке ва Натанзега ОАВ вакилларининг киритилиши масаласи кўриб чиқилаётгани таъкидланган.

Манба расмий Теҳрон аввалроқ келишув иштирокчилари 60 кун ичида шартларни бажармаса, мамлакат уранни тўйинтириш ишларини қайта тиклаши, Аракедаги реактор модернизациясини якунлаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганини эслатиб ўтди.

8 май куни Эрон Президенти Ҳасан Руҳони ҲУҲРнинг иккита шартига амал қилиш тўхтатилганини эълон қилганди. Руҳони умумий уран миқдори 300 кгдан ошиб кетса, ортиқчасини чет давлатларга сотиш ҳақидаги бандларни назарда тутганди. Расмий Теҳрон Европадан келишувнинг Эрон манфаатлари акс этган бандлари, хусусан, банк соҳаси ва нефть савдоси масалалари бўйича мажбуриятларини бажаришини талаб қиляпти.

Маълумот учун, Араке ва Натанзеда Эрон ядро объектлари жойлашган. Хусусан, Натанзеда уранни тўйинтириш бўйича иккита завод, Аракеда оғир сув ишлаб чиқарувчи завод ва оғир сувли тадқиқот реактори жойлашган.

Шу ўринда, “Ҳамкорликдаги умумий ҳаракатлар режаси” 2015 йилда бир томондан Эрон, иккинчи томондан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ва Германия ўртасида имзоланган келишув. Бироқ 2018 йил 8 май куни АҚШ келишувдан чиқди. Келишув Аракедаги реакторларни тинч мақсадларда ядро синовларини ўтказиш учун қайта қуришни ва уранни тўйинтириш даражасини 3,67 фоиздан ошириб юбормасликни назарда тутарди. Бунинг эвазига расмий Теҳрондан БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳамда АҚШ ва Европа Иттифоқининг бир томонлама санкциялари олиб ташланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон ядро дастури

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг