ОАВ фаолиятига тўсқинлик ва тазйиқ учун жавобгарлик кучайтирилади – Асадов
Жамият
−
05 Май 2022
5419Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, каби ҳаракатлар содир этилгани учун жавобгарлик кучайтирилади. Бу ҳақда Президент Администрацияси раиси ўринбосари – Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов кеча, 4 май куни бўлиб ўтган “Олтин қалам” XVI Миллий мукофоти халқаро танлови ғолибларини тақдирлаш маросимидаги нутқида сўз очди.
Президент Матбуот котиби оммавий ахборот воситалари фаолияти кафолатларини кучайтириш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ошириш, ОАВни қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантиришга доир қонун ва қонуности ҳужжатлар тайёрланаётганини маълум қилди.
“Амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш каби ҳаракатлар содир этилгани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича бугун керакли ишлар бошланган”, дейди Асадов.
Шунингдек, у, куни кеча “Чегарасиз репортёрлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон ўз позицияларини 24 даражага яхшилаб, 180 мамлакат ичида аввалги 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилганини қайд этаркан, эришилган натижа билан мансабдорларнинг вазифаси чекланиб қолмаслигини айтди.
“Албатта, халқаро рейтинглардаги ҳолат бизга доим ҳам барометр вазифасини ўтамайди. Сабаби бу каби рейтингларда фақатгина Ўзбекистоннинг ўринларини яхшилаш билангина бизнинг вазифамиз чекланиб қолмайди. Биз масъуллар учун якундаги энг олий мақсад инсон қадрини юксалтириш йўлида жамиятимизда ошкоралик ва очиқлик, сўз эркинлигини амалда таъминлаш бўйича давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаларини юзага чиқариш бўлиши лозим”, дейди Асадов.
У сўзи сўнггида қайси мамлакатда матбуот эркин ва кучли бўлса, ўша ерда ислоҳотлар бардавом бўлишини урғулади.
“Шубҳасиз, қаерда миллий матбуот кучли ва эркин бўлса, ўша мамлакатда халқчил ислоҳотлар ҳам бардавом бўлади. Кучли матбуотни эса фаолиятида холислик, адолат ва ҳақиқат мезонларига амал қилувчи профессионал журналистлар яратишига ишончим комил”, дейди Президент Матбуот котиби.
ОАВга босим ва таҳдидлар
Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён, сўз ва матбуот эркинлиги ҳақида бот-бот гапирилмоқда. Шунга қарамай, журналист ва тасвирчиларга нисбатан тазйиқ ва бўҳтонлар йилдан йилга авж олиб боряпти. Тасвирчиларнинг камераси синдирилгани, флешкалари ютиб юборилганига ҳам гувоҳ бўлдик. Сенат ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳар қанча муносабат билдирилмасин, иш назоратда экани айтилмасин, ОАВга босим қилган, фаолиятини чеклашга уринганларга қатъий чоралар кўрилмас, жазо берилмас, журналистлар дахлсизлиги таъминланмас экан матбуот анжуманлари ўтказиб сўз эркинлиги ҳақида гапиришнинг мантиғи бўлмайди.
Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлигига нисбатан талаб ва уни таъминлашга бўлган ҳаракатларга хос равишда журналистика касби билан боғлиқ хавф даражаси кескин кўтарилиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг август ойида QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова “Tashkent city” ҳудудидаги ресторанлар Ўзбекистон Республикасига Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорини писанд қилмай, 20:00 дан кейин ҳам фаолият юритаётгани ҳақидаги танқидий-таҳлилий репортаж тайёрлади ва бу бебошлик жамоатчиликнинг ҳақли эътирозини келтириб чиқарди.
Репортаж оммага тақдим этилганидан бир кун ўтар-ўтмас, ижтимоий тармоқларга Феруза Нажмиддинованинг номини булғовчи, ҳеч қандай асосга эга бўлмаган номақбул видео сиздирилди. Видеода кўп қаватли уйнинг балконида ишқий муносабатда бўлаётган аёл ва эркак акс этган бўлиб, видео қаҳрамонларини таниб олиш жуда қийин. Шунга қарамай, ушбу видеонинг бошига журналист Феруза Нажмиддинованинг иш фаолияти давомида тушган суратлари жойлаштирилиб, монтаж қилинган ва гўё номақбул видео қаҳрамони журналист Феруза Нажмиддинова экани ёзилган. Ҳақиқат қарор топди ва бу видео қаҳрамони Феруза Нажмиддинова эмаслиги тасдиқланди.
Гарчи, 3 ой олдин QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинованинг шаьнини топташ, уни обрўсизлантириш мақсадида қилинган туҳмат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлса-да, ҳали ҳануз айбдорлар топилгани йўқ, мутасаддилар эса ҳамон жим.
Бу каби туҳмат тоши KUN.UZ журналисти Раҳматилла Исроиловга ҳам отилган эди. “Журналист мендан 1 гектар ер беришни сўради”, деб туҳмат қилиб, қилмиши учун жазосиз қолган мансабдор ёдимизда. Иш судга топширилган эди. Аммо, Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов KUN.UZ мухбирига туҳмат қилмаган, деб топилган. Лекин журналистнинг ер сўрагани ҳам исботсиз қолган. Покуратура Ваҳобовнинг тушунтиришидан бошқа бирорта далил бўлмаса-да, журналист мансабдордан 1 гектар ер майдонини сўраган, деб топган.
Ачинарлиси, қарорда ушбу ҳолат айнан нима билан тасдиқлангани, Раҳматилла Исроилов Абдурасул Ваҳобовдан айнан қачон ва нима мақсадда ер сўрагани, бунинг эвазига қанча миқдорда пул (пора) таклиф қилгани тафсилотлари баён этилмаганди.
Қолаверса, KUN.UZʼнинг яна бир журналисти Илёс Сафаров давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка амал қилишни талаб қилиб боши балога қолганини айтади. Гап шундаки, журналист Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган брифингда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Бабенконинг рус тилида тақдимот қилганига эътироз билдириб, ундан “Давлат тили тўғрисида”ги қонун бўйича ўзбек тилида чиқиш қилишини сўрайди. Сабаби қонунда ҳам давлат тадбирлари ва конференциялар давлат тилида ўтказилиши белгиланган.
“Айнан шу кундан кейин, бир ҳафта кўрмаган куним қолмади. Шунчалик босимлар бўлдики, ҳатто, оиламга ҳам таҳдидлар бўлди. Нима десам экан, “Синглинг, отанг, онанг, уканг бор. Уларнинг қаерда ишлаши, қаерда ўқишини биламиз. Уларнинг тинч бўлишини хоҳласанг, ўзинг ҳам бу мавзуда тинч юр, деган таҳдидлар бўлди”, дейди Сафаров.
Журналистларга таҳдид билан боғлиқ яна бир ҳолат AZON.UZ таҳририяти собиқ бош муҳаррири Абдулазиз Муборак билан юз берганди. У ҳам ўзига нисбатан Дин ишлари бўйича қўмита мутасаддилари босим қилганини ёзганди.
LiveБарчаси