NYT Бухорони 2025 йилда боришга арзийдиган шаҳарлар рўйхатига киритди
Жамият
−
09 Январь
2540АҚШнинг “The New York Times” нашри Ўзбекистондаги Бухоро шаҳрини 2025 йилда ташриф буюришга арзийдиган 52 та энг яхши шаҳар қаторига киритди.
Бухоро шаҳри рўйхатнинг 22-поғонасини эгаллаган. Мақолада 2025 йилнинг кузида биринчи маротаба замонавий санъатни ўзида намоён этадиган Бухоро биенналеси бўлиб ўтиши қайд этилган. 5 сентябрдан 20 ноябргача бўлиб ўтадиган тадбирда жаҳоннинг машҳур рассомлари, жумладан, британиялик ҳайкалтарош Энтони Гормли ва бошқа таниқли усталарнинг асарлари намойиш этилади.
Биеннале шаҳарнинг тарихий марказида, бир неча асрлардан бери мавжуд бўлган карвонсаройлар, диний мактаблар ва ислом маданиятининг бошқа меъморий дурдоналар ўртасида ўтказилади.
Бундан ташқари, “The New York Times” газетаси Ўзбекистон бўйлаб саёҳат анча осонлашганини қайд этган.
Рўйхатнинг юқори ўринларини эса ёзувчи Жейн Остиннинг 250 йиллиги муносабати билан Англиянинг жануби-ғарбига уюштириладиган сафар, Галапагос ороллари ва Нью-Йорк шаҳрининг музейлари эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбек тикувчи аёли Дилором Йўлдошева BBC томонидан тузилган дунёнинг "100 аёли" рўйхатига киритганди.