Нурсултон Рўзибоев – UFC'даги собиқ маҳкум

Спорт

Ultimate Fighting Championship (UFC) - Америка Қўшма Штатларининг Лас-Вегас шаҳрида жойлашган халқаро спорт ташкилоти бўлиб, бутун дунё бўйлаб аралаш яккакурашлар бўйича жанглар ўтказади. Бугунги кунга келиб, ушбу ташкилот турнирларида жанг қиладиган ўзбек спортчилари сони 3 нафарни ташкил этади. Улардан бири эса 1993 йилда Андижон вилояти, Шахрихон туманида туғилган Нурсултон Рўзибоевдир.

Рўзибоевнинг UFC'га ўтиши бироз қийин кечди. У ташкилот турнирларида жанг ўтказишни ўн йиллаб кутди. QALAMPIR.UZ'га ўз фикрларини билдирар экан спортчи ташкилотга аъзосига айланиши нега чўзилганига изоҳ берди.

“UFC кўпчилик спортчилар билан тўғридан-тўғри шарнотома имзоламаяпти. Менга UFC кўп марта захира жангчиси бўлиш таклифи билан чиқди. Шунинг учун промоушенга ўтишим бироз кечикди. Шунингдек, орада олдинги промоутерим билан шартномада муаммолар бўлиб қолганлиги сабабли ҳам  UFC'га киришим чўзилди”, дейди Рўзибоев.

Маълумки, Рўзибоевнинг промоушендаги дастлабки жанги жудаям муваффақиятли бўлди. У бразилиялик Бруно Феррейрага қарши тўқнашувни 1 дақиқаю 20 сонияда якунлаб, кечанинг энг ёрқин жанги номинациясида ҳам зафар қучди. Кўпгина манбаларда Рўзибоев Феррейрага қарши жангдан 66 минг доллар фойда кўрганини маълум қилди, бироқ спортчининг QALAMPIR.UZ'га айтишича, бу сумма бироз кўпроқ.

Қайд этиш жоиз, Рўзибоев доимий шов-шувлар остида юради. Ҳаёти давомида спортчи кўпгина синовларга дуч келди. Жумладан, 2015-2016 йилларда ҳаётини панжара ортида ўтказишга мажбур бўлган. Ундан ташқари Қирғизистонда ўтказган жангларидан бирида давлат байроғи билан боғлиқ можароли вазиятга дуч келган. Рўзибоев масаласига ҳатто Ўзбекистон ва Қирғизистон мамлакатлари Ташқи ишлар вазирилиги аралашган.

“Қирғизистондаги жангимдан кейин жонли эфирда қизишиб, айрим хато гапларни айтиб юборганман, лекин турнирда ҳам тўғри ишлар бўлмаган. Бугунги кунда қирғизистонлик мухлис ва спортчилар билан жуда яхши алоқадаман. Ўша муаммо эса ҳақиқатдан ҳам Ташқи ишлар вазирилиги аралашуви билан барҳам топган”, дейди Рўзибоев.

Шунингдек, спортчи ўзбекистонлик бошқа MMA усталари, жумладан Маҳмуд Муродов ва Шоҳасан Мирзаматов билан жанг қилиш-қилмаслигига ҳам ойдинлик киритди.

Маълумот учун, Рўзибоев UFC'даги навбатдаги жангини 4 ноябрь куни Бразилияда ўз вақтида Маҳмуд Муродовни мағлубиятга учратган Кайо Борральога қарши ўтказади.


Мақола муаллифи

Теглар

UFC Нурсултон Рўзибоев Маҳмуд Муродов MMA Шоҳасан Мирзаматов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг