Нуман Куртулмуш Мирзиёевга Эрдўғаннинг саломини етказди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 22 май куни мамлакатга расмий ташриф билан келган Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида Туркия парламенти раиси давлат раҳбарига Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

"Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги юксак босқичи, барча даражада фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан таъкидланди", дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари ўсмоқда, қўшма лойиҳалар ва корхоналар, авиақатновлар сони ортиб бормоқда. Икки мамлакатда қўшма маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

"Ўзбекистон ва Туркия қонун чиқарувчи органлари ўртасида самарали алоқалар йўлга қўйилган. Парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги кун тартибини шакллантиришда ва олий даражадаги келишувлар ижроси устидан назоратни таъминлашда дўстлик гуруҳлари ва тегишли қўмиталарнинг фаол иштироки муҳим экани таъкидланди", дейилади хабарда.

Шунингдек, инвестиция дастурларини илгари суриш, туризм, ишбилармонлик ва таълим алмашинувларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Халқаро тузилмалар, хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз Ўзбекистонга келиб, Мирзиёев қабулида бўлган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Туркия Ўзбекистон Нуман Куртулмуш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг