Нукусдаги “телпак воқеаси”дан кейин ЙПХ ходимлари янгича алкотестер билан “қуроллантирилди”

Жамият 7134
image

Ўзбекистонда Йўл-патруль хизмати ходимларига янги намунадаги алкотестер қурилмаси тарқатилди. Ҳозирча республика бўйлаб 150 та шундай мослама ЙПХ ходимларига етказилган. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар қилди.

ЙПХ ходими ҳайдовчи алкоголь ичимлиги таъсирида деб гумон қилганда Alcostop 8000S алкотестер мосламаси ёрдамида уни тўхтатилган жойнинг ўзида текширувдан ўтказади.

Қурилма актив ҳамда пассив режимларда ишлатилади. Пассив режимда ҳайдовчи тўхтатилган пайтда ЙПХ ходими алкотестернинг пуфлаш томонини ҳайдовчига яқинлаштиради. Мослама 5–10 сантиметр масофада ҳайдовчининг оғзидан чиққан этанол буғлари орқали унинг спиртли ичимлик истеъмол қилгани ёки йўқлиги маълум бўлади. 

Агар у алкоголли ичимлик истеъмол қилган бўлса, алкотестердаги миллиграмм кўрсаткичи кўтарилади. Кейин ҳайдовчининг мастлик ҳолатида экани ёки маст эмаслигини аниқлаш учун қурилма фаол режимга ўтказилади ва унга бир марталик ускуна унга ўрнатилади. Мосламада камера бўлиб, пуфлаш жараёнида ҳайдовчининг юз қисмини тасвирга олади ва чекда акс эттиради.

Белгиланган тартибга кўра, ҳайдовчининг оғзидан чиққан этанол буғларининг концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган тақдирда маст деб топилади ва унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддаси тартибида баённома расмийлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи охирида Нукусда Йўл-патруль хизмати ходими бош кийимини ечиб, ҳайдовчининг спиртли ичимлик истеъмол қилганини аниқлаш мақсадида ундан пуфлашини сўрагани акс этган видео ижтимоий тармоқларда кулгуга сабаб бўлганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 165
Рейтинг: 3
t
×