Нукус воқеаларида айбланган “Олға Қорақалпоғистон” партияси етакчиси қамалди

Жамият

image

Бугун, 10 май куни Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Нукус воқеаси бўйича айбланувчилар Аманбай Сагидуллаев ва Ниетбай Уразбаевга оид жиноят ишини кўриб чиқишга оид очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Келтирилишича, “Олға Қорақалпоғистон” партияси етакчиси, ҳозирда Норвегияда яшовчи Аманбай Сагидуллаевга нисбатан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Шунингдек, Қозоғистоннинг Манғистау вилояти “Аллаяр йўли” қорақалпоқ этник-маданий бирлашмаси раиси бўлган Ниетбай Уразбаевга эса 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят-процессуал кодексининг 410-моддаси (суд муҳокамасида судланувчининг иштироки)га асосланиб, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги боис ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси А.Сагидуллаев ва Н.Уразбаевнинг иштирокисиз ўтказилган.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, А.Сагидуллаев Жиноят кодексининг 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) 3-қисми, 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 1-қисми, 4-қисми, 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 3-қисми ва 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 3-қисми тартибида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.

Н.Уразбаев Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми, 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисми тартибида 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Шунингдек, судланувчиларнинг айбидан Жиноят кодексининг 28, 104-моддаси 3-қисми “а” банди (ушбу харакатлар Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан қамраб олинганлиги сабабли) чиқарилди.

Бундан ташқари, суд ҳукми билан Интернет тармоғидаги А.Сагидуллаевга тегишли саҳифалар, каналлар блокланиши белгиланди.

Мазкур ҳукмдан норози тарафлар Қорақалпоғистон Республикаси суди орқали Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига процессуал қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда шикоятлар беришга, прокурор эса протест билдиришга ҳақли эканлиги маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланаётган 39 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Нукус Олға Қорақалпоғистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг