Нукус воқеаларида ҳибсга олинганлар қийноққа солинганми?

Жамият

image

Жорий йилнинг июль ойида Қорақалпоғистонда юз берган тартибсизликлар бўйича айблов қўйилиб, судланаётганларга нисбатан қийноқ қўлланилмаган. Бу ҳақда Собиқ сиёсий маҳбус, Мустақил комиссия аъзоси, Нукус воқеалари иштирокчилари судини кузатиб бораётган “Ҳуқуқий таянч” бирлашмаси раҳбари Аъзам Фармонов маълум қилди.

“Суд мажлисида маҳбусларга қийноқлар бўйича ҳеч ким савол бергани йўқ. Аммо судда сўроқ қилинганларнинг аксарияти “биз ҳукуматга қўл кўтарган бўлсак ҳам, улар бизга нисбатан ноинсоний ҳаракат қилмадилар. Бизга жудаям яхши муомалада бўлишди, уч маҳал иссиқ овқат беришди. Турли ваҳималар бўлди, бизнинг қийноққа солинаётганимиз ҳақида, лекин аслида ундай эмас. Фақат виждонимиз оғрияпти, биз шунча инсонларнинг ўлимига ўзимизни сабабчи деб биламиз”, деб гапирдилар. 

Биз фақатгина 22 нафар маҳбуснинг гапларидан келиб чиқиб, қийноқлар қўлланилмагани ҳақида хулоса қилмаяпмиз. Шунча одам қўлга олинди, қанчаси маъмурий жавобгарликка тортилгач, қамоқдан озод этилди. Уларнинг бирортаси қийноқлар ҳақида давлат органлари ёки ОАВга мурожаат қилгани йўқ”, дейди Аъзам Фармонов.

Мустақил комиссия аъзоси маҳбусларнинг бу гаплари уюштирилган бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан йироқлигини қўшимча қилди.

“Бу гаплар сценарий ёки спетакль эмас, деб ўйлайман. Чунки бу ҳақда улардан ҳеч ким сўрагани йўқ, уларнинг ўзлари самимий сўзлашмоқда. Ўзларининг эмас, виждони ёки яқинлари қийналгани ҳақида гапиришяпти. Шу боис бу борадаги гаплар уюштирилмаган деган фикрдаман”, дея таъкидлади ҳуқуқ фаоли.

Эслатиб ўтамиз, Нукусдаги воқеалар бўйича суд жараёни жорий йилнинг 28 ноябрь куни бошланди. Иш доирасида 22 киши судланмоқда. Айбланувчиларнинг барчаси ўз айбига қисман ёки тўлиқ иқрор бўлди. 


Мақола муаллифи

Теглар

суд Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар

Баҳолаганлар

228

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг