Норвегия 37 яшар ўқитувчини Россия жосуси сифатида ҳибсга олди
Олам
−
28 Октябрь 2022
6294Норвегия полицияси Тромсё университети ходимини Россия фойдасига жосуслик қилганликда гумон қилиб ҳибсга олди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Матбуотда Жозе Асис Жиаммария номи билан тилга олинган 37 ёшли эркак Бразилия ҳужжатлари билан Норвегияда яшаган ва Арктикани тадқиқ қилиш билан шуғулланган. Бироқ полиция ҳақиқатда гумонланувчи Россия фуқаролигига эга, деб ҳисоблайди. Бундан эса унинг ҳамкасблари ҳайратда.
“Энди бу биз учун осон эмас. Бу кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Биз буни кутмаган эдик, шунинг учун ҳозирча биз ҳамма нарсани тушунишга ҳаракат қилмоқдамиз”, дейди Марк Лантень, Тромсё университети доценти.
Қайд этилишича, эркак суд қарори билан тўрт ҳафтага ҳибсда ушланади.
“У учун бу жуда қийин. У қаттиқ ҳайратда. У рус жосуси эмаслиги аниқ. Ва у туман судининг қарори устидан шикоят қилмасликка қарор қилган бўлса-да, у айбловни инкор этишини айтди”, дейди ҳимоячи Томас Хансен.
Гумонланувчи ўтган йилнинг кузидан бери Норвегияда ишлаб келган. Маҳаллий амалдорлар у Арктика минтақасида мамлакатнинг мудофаа режалари ҳақида биладиган профессионал ҳамжамият билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлганидан қўрқади.
Сентябрь ойининг охирида у Вильнюсдаги семинарда қатнашган, у ерда Европадан келган мутахассислар гибрид таҳдидлар ва турли хил саботажлар содир бўлган тақдирда воқеаларни ривожлантириш сценарийларини муҳокама қилган.
“Шимолий оқим”даги портлашлардан сўнг Норвегия айниқса, саботаждан қўрқади. Европа Иттифоқи Россиянинг энергия ресурсларини сотиб олишдан воз кечишга интилаётгани сабабли, Осло Европа учун муҳим нефть ва газ етказиб берувчига айланди.
Маълумот учун, сўнгги бир ой ичида Норвегияда ўнга яқин Россия фуқароси ҳибсга олинган. Уларнинг аксарияти стратегик объектлар яқинида дронлардан суратга олган. Ҳибсга олинганлар орасида Россия темир йўллари собиқ раҳбари Владимир Якуниннинг ўғли ҳам бор.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь