Норбоева ёки Мирзиёеванинг муносабатини кутиш шарт эмас – Кушербоев Йўлдошева ишига муносабат билдирди

Жамият

image

Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева иши кун тартибида турибди. Аввал хабар берганимиздек, унга нисбатан тайинланган қамоққа олиш эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилди ва Йўлдошева оиласи бағрига қайтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевнинг фикрича, адолатни тиклаш учун Норбоева ва Мирзиёеванинг муносабат билдиришини кутиш шарт эмас. 

“Адолатни тиклаш, виждонни уйғотиш ва энг муҳими фуқаронинг инсон сифатидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ўтиш учун Танзила Норбоева ёки Саида Мирзиёеванинг айнан муносабатини кутиш шарт эмас, деб ўйлайман. 

Шунчаки "топшириқ" эмас қонун билан ишлашга журъатни йиғиш керак холос. Топшириқлар ҳар доим ҳам қонуний бўлмаслиги мумкин”, деб ёзади Кушербоев. 

Айни вақтда Гулжаҳон Йўлдошева иши ва унга тайинланган уй қамоғида сақлаш эҳтиёт чораси ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Жамоатчиликнинг фикрича, мамлакатда қонунлар унга кимдир туртки бергандан кейин ишлаши қонунчиликдаги муаммолар ва ижро органларининг камчиликларини юзага чиқаради. 

Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева прокуратурадан Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраб чиққан эди

Йўлдошева иши 

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди

У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди. 

Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
 
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.

Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутди.


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев Гулжаҳон Йўлдошева

Баҳолаганлар

559

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг