Номаълум шахслар Тожмаҳални портлатиш билан таҳдид қилди
Олам
−
03 Декабрь
4232Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати Туризм бошқармаси Агра шаҳридаги машҳур Тожмаҳал мақбарасини портлатиш билан таҳдид қилинган электрон почта хабарини олди. Бу ҳақда PTI хабар берди.
Тожмаҳалнинг хавфсизлиги учун масъул шахс Сайид Ариб Аҳмадга кўра, Туризм бошқармаси таҳдидли мактубни дарҳол полицияга тақдим этган. Шундан сўнг махсус гуруҳ, хизмат итлари жамоаси ва бошқа хавфсизлик хизмати ходимлари Тожмаҳал ҳудудини текшириш учун етиб борган. Хавфсизлик текшируви давомида ҳудудда ҳеч қандай шубҳали нарса топилмаган.
“Уттар-Прадеш Туризм офисига Тожмаҳални портлатиш билан таҳдид қилинган электрон почта хабари юборилган. Биз электрон почта мазмунига мувофиқ ҳеч қандай шубҳали нарса топмадик”, дейди Ариб Аҳмад.
Маълумот учун, Тожмаҳал XVII асрда Бобурийлар сулоласи императори Шоҳ Жаҳон томонидан унинг рафиқаси Мумтоз Маҳал хотирасига атаб қурилган. Ушбу мақбара Ҳиндистоннинг энг машҳур меъморий обидаларидан бири бўлиб, UNESCO’нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ва дунёнинг етти янги мўъжизасидан бири сифатида тан олинган. Расмий маълумотларга кўра, Тожмаҳалга ҳар йили 7-8 миллион маҳаллий ва тахминан 1 миллионга яқин халқаро туристлар ташриф буюради. Улар асосан қиш фаслида, айниқса октябрь-март ойлари оралиғида боради, чунки бу даврда об-ҳаво қулай бўлади.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь