Нодирбекнинг ғалабасида Шахмат федерацияси нима каромат кўрсатган?

Интервью

Буёғи ўзбекчилик. Сут берган сигир қолиб, уни соққан қаҳрамон бўлади. Сигир бечора эски оҳор билан қолиб кетаверади. Бунинг галдаги мақолага ҳеч даҳли йўқ. Шунчаки, эсимизга тушиб қолди. 

Хабарингиз бор, ўтган йил охирида 17 яшар Нодирбек Абдусаттаров Шахмат бўйича Жаҳон чемпиони бўлди. Бугун у кўп ёшларга намуна қилиб кўрсатиляпти. Нодирбекнинг ғалабаси, муваффақияти шак-шубҳасиз Янги Ўзбекистонда спортга, ёшларга, айниқса, Нодирбек каби ёшларга яратиб берилган шароитлар, мисилсиз ва тенги йўқ ислоҳотлар билан боғланмоқда. Ушбу мақтов ва ашъорларнинг бир учига 2019 йилда Нодирбекни Москвада ўтган “Aeroflot – 90” турнирига юбориш учун пул топиб беролмаган Шахмат федерацияси ҳам эгалик қилмоқда. 

Хўш, Нодирбекнинг бир неча йиллик тинимсиз меҳнати ва бугунги ютуғи ортида Шахмат федерациясининг ўрни борми? Унинг бу ютуғида федерация қандай каромат кўрсатган? QALAMPIR.UZ айнан шу савол билан Туризм ва спорт вазири – Шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимовга юзланди.

“Нодирбекнинг ғалабаси – бу кўп йиллик меҳнат. Бугун биз уни марҳум устози Дмитрий Қаюмов ва бошқа мураббийларини ҳам тақдирладик. Бир шахматчини ўстириш жуда ҳам катта меҳнат ва сабр талаб этади. Бу – биринчи навбатда ота-онасининг меҳнати. Ундан кейин мураббийлар ва унга масъул бўлган ташкилотларнинг, жумладан федерациянинг ҳам меҳнати, десак тўғри бўлади. 

Шахмат федерациясида ҳам жуда қийин вазиятлар бўлади. Кўп йиллар давомида Шахмат федерациясига яхши эътибор қаратилмагани ҳам кўзга ташланади. Ўтган бир йил давомида федерация фаолиятини яхшилаш активлаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Молиявий нуқтаи назаридан ҳам қўллаб-қувватлаяпмиз”, дейди федерация раиси.

У сўзида давом этиб олдинги даврда шахматга катта маблағ ажратилмагани ва баъзи камчиликлар бўлганини ҳам урғулади. Бироқ Абдуҳакимов тилга олган олдинги давр охирги 5 йилми ё 2016 йилгача бўлган 25 йил, буниси ноаниқ. 

“Олдинги даврга назар ташласак, йирик мукофот фондлари билан мусобақалар ўтказилмаганини кўришимиз мумкин.  Самарқандда Амир Темур турнири ўтказилди ва 25 минг АҚШ долларлик фонд ташкил этилди. Бундан ташқари, Тошкентда Президент кубоги бўлди, унга ҳам 50 минг доллар миқдорида маблағ ажратилди. Шу билан бирга, вилоятларда ҳам турли турнир ва мусобақаларга маблағ ажратилиб, ёш шахматчиларга кенг имконият яратилмоқда. Бир нарсани яхши билишимиз керак, вилоятларда барча спорт федерацияларининг масъуллари бор, у ерда ҳам иқтидорли ёш шахматчилар меҳнат қилишади. Албатта олдинги йилларда бўлган хатолар ҳам мавжудлигини тан олишимиз керак. Шахматчи опа-сингил Тоҳиржоноваларга эътибор берилмаётганини кўпчилик танқид остига олади. Тан олиш керак, бу – ҳақиқат. Ҳозирги кунда улар билан тўғридан тўғри алоқадамиз. Керакли шарт-шароит қилиб беришга ҳаракат қилмоқдамиз”, дейди вазир.

Абдуҳакимов сўзида давом этаркан, Нодирбек Абдусатторовнинг кейинги беш йиллиги ва унга яратиладиган шароитлар, қолаверса, дунёнинг профессионал мураббийлари унга устозлик қилиши ҳаракатида эканини алоҳида таъкидлади.

“Биласизми, аслида шахматчилар – ақл одамлари. Улар ортиқча талаб ҳам қўйишмайди. Керакли шароит яратилса бўлгани. Бугун энг муҳим масала – Нодирбек Абдусатторовнинг олдиндаги беш йилликдаги тақдири ва ривожланиши, десак тўғри бўлади. Нодирбек ўз устида ишлаши учун дунёнинг энг кучли мураббийларни жалб қилишни ҳам режа қилганмиз. Бу борада Рустам Қосимжонов бизга кўмаклашадилар. Бу катта масъулият. Дунёнинг йирик мураббийлари Ўзбекистонга келмаган тақдирда Нодирбекни ўша давлатга юбориб ўз устида ишлашига шароит қилиб беришни режа қилганмиз. Нодирбекни кенг имкониятлари бор ва ишонамизки, у дунёда эътироф этиладиган классик шахмат бўйича шахмат тожини Ўзбекистонга олиб келади”, дейди Азиз Абдуҳакимов.


Мақола муаллифи

Теглар

Азиз Абдуҳакимов шахмат Вазир Жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусаттаров

Баҳолаганлар

377

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг