Ниццадаги ҳужумда аёлнинг боши танасидан жудо қилинди

Олам

image

Бугун, 29 октябрь куни Франциянинг Ницца шаҳрида қуролланган шахс одамларга ташланиб, уч кишини ўлдиргани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳужум қурбонларидан бири бўлган аёл кишининг боши танасидан жудо қилинган. Бу ҳақда шаҳар мэри Кристиан Эстрози BFMTV канали эфирида маълум қилди. Унга кўра, қотил "Аллоҳу Акбар" деб бақирган. 

“Ҳужумчи Конфлан-Сент-Онорин шаҳридаги террорчи билан бир хил усулни қўллаган”, дейди мэр. 

Шаҳар раҳбари, шунингдек, қурбонлардан бири руҳоний бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Франция Президенти Эммануэль Макрон яқин бир неча соат ичида Ниццага етиб боради. 

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум эрталаб Нотр-Дам номли маҳаллий собор ёнида содир бўлган. Журналистлар билан мулоқот қилган гувоҳларнинг айтишича, ҳибсга олиш пайтида полиция жиноятчини олти ёки етти марта ўққа тутган. 

Ницца мери Кристиан Эстрози Twitter’да ҳужумчининг ҳибсга олингани ҳақида хабар қолдирди ва тезкор ҳаракатлари учун полиция ходимларига миннатдорлик билдирди. 

Мамлакат Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен вазирлик ҳузурида ушбу воқеа билан боғлиқ ҳолда инқирозга қарши штаб ташкил этилганини маълум қилди.

Ҳужумни текширишда прокуратура Терроризм бўлими ҳам иштирок этади. 

Ҳужум маҳаллий вақт билан 09:00 да содир бўлди.  Ҳужумчи воқеадан 10 дақиқа ўтиб ҳибсга олинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 октябрь куни Париж яқинидаги Конфлан-Сент-Онорин комуннасида тарих фани ўқитувчиси дарсда ўқувчиларга буюк пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг "Charlie Hebdo" журналида чоп этилган карикатурасини кўрсатган боис қотиллик қурбони бўлди. Чеченистонда туғилган 18 ёшли Абдулак Анзоров ўқитувчи Самюэль Патига пичоқ билан ҳужум қилиб, унинг бошини танасидан жудо қилади. Орадан кўп ўтмай, полиция қотилни отиб ташлайди. Ушбу воқеа Макроннинг Ислом оламига қарши баёнотлар билан чиқиши ва мамлакатда сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашига сабаб бўлди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Франция

Баҳолаганлар

629

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг