Нигерияда масжид портлатилди. Ўнга яқин одам ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
25 Декабрь 2025 2695 2 дақиқа
Нигериянинг шимоли-шарқидаги Майдугури шаҳрида жойлашган масжидда содир бўлган портлаш оқибатида камида етти киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маҳаллий полиция раҳбари Бабакура Колонинг айтишича, ҳодиса террорчилик ҳужуми сифатида баҳоланмоқда, бироқ ҳозирча ҳеч бир қуролли гуруҳ масъулиятни ўз зиммасига олмаган. Майдугури – Борно штати пойтахти бўлиб, у узоқ йиллардан бери “Боко Ҳарам” ва “Ғарбий Африкадаги Исломий давлат” гуруҳлари билан боғлиқ қўзғолон маркази ҳисобланади. Шунга қарамай, шаҳар сўнгги йилларда йирик ҳужумларга дуч келмаган эди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлаш 24 декабрь куни тахминан соат 18:00 да Гамбору бозори ҳудудидаги одамлар билан тўла масжид ичида, шом намози олдидан содир бўлган. Полиция матбуот котиби Наҳум Дасо портлаш фактини тасдиқлаб, воқеа жойида бомбани зарарсизлантириш бўйича мутахассислар ишлаётганини билдирган. Айрим гувоҳлар ҳужумни ўз жонига қасд қилган шахс амалга оширганини айтмоқда. Жароҳатланганлар сони ҳозирча аниқ эмас, бироқ у бир неча ўн кишига етиши мумкин.
Нигерияда 2009 йилдан буён давом этаётган қўзғолон оқибатида камида 40 минг киши ҳалок бўлган, икки миллионга яқин аҳоли шимоли-шарқий ҳудудлардан кўчишга мажбур бўлган. Сўнгги ўн йилликда зўравонликлар камайган бўлса-да, улар Нигер, Чад ва Камерунга ҳам тарқалган. Айрим ҳудудларда зўравонликларнинг қайта кучайиши борасида хавотирлар сақланиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Пенсильвания штати Филадельфия шаҳри чеккасида жойлашган қариялар уйида портлаш ва ундан кейин ёнғин юз берганди. Содир бўлган фавқулодда ҳодиса оқибатида қариялар уйида яшовчи икки киши ҳалок бўлган, яна бир неча киши бедарак йўқолган.
Live
Барчаси