Алкоголь ичиб, заҳарланган 48 киши вафот этди
World
−
09:06 3066 2 minutes
Нигерияда таркибида метанол бўлиши тахмин қилинаётган маҳаллий алкоголли ичимликни истеъмол қилган 48 киши вафот этди. Яна 100 га яқин одам шифохонада даволанмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса мамлакат жанубидаги Ондо штатининг Одигбо ва Иреле ҳудудларида содир бўлган. Штат соғлиқни сақлаш комиссари Банжи Ажаканинг айтишича, жами 182 киши заҳарланган.
Маҳаллий аҳоли ўлимларга “Monkey Tail” номли, таркибида алкоголь миқдори юқори бўлган ўсимлик асосидаги ичимликка метанол аралаштирилгани сабаб бўлган, деб тахмин қилмоқда.
“Мен икки қултум ичдим ва эртаси куни кўзим кўрмай қолганини сездим”, деган 32 ёшли Сола Адебайо маҳаллий TVC News каналига шифохонада ётган ҳолда.
Банжи Ажаканинг айтишича, метанол организмга тушгач, буйраклар фаолияти тўхташи, кўриш қобилияти йўқолиши ва мия зарарланиши мумкин.
Ҳодиса юзасидан 15 киши ҳибсга олинган. Бу ҳақда Ондо штати полицияси матбуот котиби Абайоми Жимоҳ маълум қилган. Ҳибсга олинганлар орасида таркибида метанол бўлиши тахмин қилинаётган моддаларни ишлаб чиқаришга алоқадор шахс ҳам бор.
Нашрга кўра, Нигерияда, айниқса қишлоқ ҳудудларида маҳаллий тайёрланган алкоголли ичимликларни истеъмол қилиш кенг тарқалган. Бунга бундай ичимликларнинг арзонлиги ва етарлича назорат қилинмаслиги сабаб бўлмоқда. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, биринчи ўлим ҳолати қарийб икки ҳафта аввал қайд этилган.
Айни пайтда Нигерия Озиқ-овқат ва дори воситаларини назорат қилиш миллий агентлиги алкоголли ичимликларни пакетларда ва кичик пластик идишларда сотишга мамлакат бўйлаб тақиқ жорий этилишини назорат қилмоқда. Агентлик бундай идишлардаги ичимликлар болалар ва ёшлар учун осон етиб боришини билдирган.
Маълумот учун, метанол – инсон организми учун кучли заҳарли бўлган рангсиз суюқликдир. У организмга тушгач, заҳарли моддаларга айланиб, кўриш қобилиятининг йўқолиши, асаб тизими ва ички аъзоларнинг зарарланишига олиб келиши мумкин. Метанол билан заҳарланишнинг дастлабки белгилари бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши, қусиш ва ҳолсизлик бўлиши мумкин. Кейинчалик кўриш ёмонлашиши ёки бутунлай кўрмай қолиш, ҳушдан кетиш, кома ва ўлим ҳолатлари кузатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезияда ҳукумат тарқатган бепул овқатдан қарийб 800 нафар одам заҳарланган эди.
Live
All