Нидерландия ҳам Украинага қирувчи самолётлар партиясини берди

Олам

image

Украина Нидерландиядан F-16 қирувчи самолётларининг иккинчи партиясини олди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазири Рустам Умаров маълум қилди.

“Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари узоқ кутилган кучайтирилишни олди – дастлабки француз қирувчи самолётлари Mirage 2000 ва Нидерландия Қироллигидан F-16. Замонавий жанговар самолётлар аллақачон Украинада ва тез орада жанговар топшириқларни бажаришга киришади. Нидерландиянинг ёрдами бизни ғалабага яқинлаштирувчи ва Украина шаҳарлари ҳамда фуқароларининг ишончли ҳимоясини таъминловчи яна бир муҳим қадам”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, у Францияга Mirage қирувчи самолётларини тақдим этгани учун миннатдорлик билдирган.

Маълумот учун, Бельгия, Дания, Нидерландия ва Норвегия Украинага жами 79 та F-16 қирувчи самолётини беришга рози бўлган. Нидерландия 24 та самолётни топширишни ваъда қилган, чунки мамлакат F-35 қирувчи самолётларига ўтиши муносабати билан уларга эҳтиёж сезмайди. Ушбу мамлакатдан илк самолётлар Киевга ўтган йилнинг июль ойида етиб келган. “Times” нашрига кўра, ўшанда олти қирувчи самолёт топширилган. 2024 йил декабрь ойининг бошида эса Украина Президенти Владимир Зеленский Даниядан келган иккинчи партия F-16 самолётлари ҳақида хабар берган, аммо қанча самолёт етказиб берилгани очиқланмаган. Лекин 2024 йил давомида Украина жами 20 та қирувчи самолёт олишини кутаётганди. Нидерландия, шунингдек, украиналик учувчиларга F-16 самолётларида учишни ўргатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Мудофаа вазири Себастьян Лекорню Киевга Mirage 2000 қирувчи самолётлар етказиб берилгани ҳақида маълум қилган эди. Украина француз қирувчи самолётларини узоқ масофали Storm Shadow ракеталарининг ташувчиси сифатида ишлатиш эҳтимоли илгари сурилмоқда. Украина армияси бундай ракеталар ёрдамида Россия ҳудудининг ичкарисига зарбалар бермоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

қирувчи самолёт Украина F-16 Нидерландия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг