Ниҳоят! “Барселона” Коутиньони “Астон Вилла”га пуллади

Спорт 1402
image

“Барселона” расмий сайти ярим ҳимоячи Филиппе Коутиньо трансфери бўйича “Астон Вилла” билан келишувга эришганини эълон қилди. Бразилиялик футболчи мавсумнинг иккинчи ярмини ижара асосида Англия клубида ўтказади. Ижара учун тўлов миқдори маълум қилинмаган.

Қайд этилишича, футболчи тиббий кўрикдан ўтиб, рухсатнома олганидан сўнг трансфер тўлиқ амалга оширилади. Ижара сотиб олиш опциясини ўз ичига олади. “Кўк-анорранглилар” Коутиньо оладиган маошнинг бир қисмини тўлайди. Филипп 48 соат ичида Бирмингем шаҳрига етиб боради.

Коутиньо 2013-2015 йилларда бирмингемликлар бош мураббийи Стивен Жеррард билан бирга “Ливерпуль” шарафини ҳимоя қилган.

Маълумот учун, 29 ёшли Коутиньо 2018 йилнинг январида 135 миллион евро эвазига “Ливерпуль”дан “Барселона”га кўчиб ўтган эди. Бразилиялик ярим ҳимоячи Испан клуби сафида 106 та ўйин ўтказиб, 25 та гол урган ва 14 та голга ҳаммуаллифлик қилган. 

Ярим ҳимоячининг жамоа билан шартномаси 2023 йилда ўз якунига этади. “Transfermarkt” портали маълумотларига кўра Коутиньонинг трансфер нархи 18 миллион еврога баҳоланган.
 

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 2.9
t
×