Нетаньяхунинг рафиқаси Қатар Амирининг онасидан ёрдам сўради

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг рафиқаси Сара Нетаньяху Қатар Амирининг онаси шайха Моза бинт Носир ал-Миснадга мурожаат қилиб, Ғазо секторида ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилишда ёрдам сўради. Бу ҳақда “Ynet” нашри хабар берди. 

“Менинг мурожаатим сиёсат доирасидан ташқарига чиқади, бу меҳр-оқибат ва инсонпарварликка даъватдир. Мен сиздан аёл сифатида Рамазон ойида гаровдагиларни озод қилиш учун барча таъсирингиздан фойдаланишингизни сўрайман”, дея таъкидлаган Сара Нетаньяху. 

У Қатар Амирининг онасидан ўз позициясини аниқ билдиришни, гаровга олинганларга нисбатан содир этилаётган даҳшатларга қарши овозини баланд кўтаришни сўраган. 

Қайд этиш жоизки, 2023 йил охирида Исроил Бош вазирининг рафиқаси Рим Папаси Францискга ҳам худди шундай илтимос билан мурожаат қилган. 

"Асирликда 129 нафар болалар, аёллар, эркаклар ва қариялар бор, уларнинг кўплари ярадор ёки касал. Улар очлик ва ғайриинсоний шароитлардан азият чекмоқда. Улар Қизил Хочдан дори-дармонлар ёки ёрдам ҳам олмаяпти. Илтимос, ўз таъсирингиздан фойдаланиб, уларни озод қилишни талаб қилинг", деб ёзган Сара Нетаньяху Рим-католик черкови бошлиғига.

Маълумот учун, Исроилнинг Ғазо секторида 7 октябрдан бери давом этаётган тажовузи оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 30 мингдан ошган. Улар орасида 12 минг 300 дан ортиғи болалардир.   

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Истанбулда бўлиб ўтган “Фаластин учун ягона юрак” саммитида шайха Моза бинт Носир Исроилнинг уруш қонуниятларини менсимаслиги ортидан Ғазода халқаро гуманитар ҳуқуқ бузилаётганини айтганди. Яқин Шарқдаги кескинлик шароитида UNESCO Ғазо секторидаги болаларни қутқариш ва уларга ёрдам бериш бўйича ўз вазифасини бажармагани учун Моза бинт Носир ташкилотнинг яхши ният элчиси лавозимидан кетишга қарор қилганини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қатар Исроил Сара Нетаньяху Моза бинт Носир ал-Миснад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг