Нетаньяху тез орада чемоданини йиғиб, Исроилдан кетади – Эрдўған

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг чемоданини йиғиштириб, яқин орада ўз мамлакатини тарк этишини истисно қилмаяпти. Бу ҳақда у Жазоирдан қайтгач, журналистларга айтиб ўтди.

"Бу жараён бундан кейин ҳам давом этади деб ўйламайман, умид қиламанки, Нетаньяху чемоданини  йиғиб, яқин кунларда жўнаб кетади. Нетаньяхунинг суд иши борлигини аллақачон биласиз. Балки Нетаньяху ундан қутилиш учун ҳам шундай қадам ташлагандир. Лекин у қайси томонга бормасин, жазодан қочиб, қутилолмайди”, деган Эрдўған.

Унинг сўзларига кўра, Ғарбда аллақачон Нетаньяхуни истеъфога чиқишга чақириқлар бўлмоқда. 

"Ҳамма Нетаньяхуга "кет, кет" дея бошлади. Айрим хорижий расмийлар бизга "ундан қутулишимиз керак" деяпти. Бутун дунё Исроилга қарши қандай муносабат билдира бошлаганини кўришингиз мумкин. Ғазонинг босиб олиниши баъзи ҳукуматларни жим қилган бўлса-да, "жамиятларнинг виждони"ни ҳаракатга келтирди. Кўчаларда Фаластинни қўллаб-қувватлаётганлар сони ортиб бормоқда. Қаранг, Германияда. Ўша куни мен у ерда эдим, худди шу куни Берлинда маршлар бўлиб ўтди. Англияда ҳам шундай. АҚШдаги Оқ уй олдида, Францияда, Лотин Америкаси давлатларида нималар бўлаётганини кўрасиз. Ҳатто Исроил кўчаларида ҳам бунга дуч келишингиз мумкин”, дейди Эрдўған.

Шунингдек, у Ғазо секторидаги зўравонликларни тўхтатишдан Испаниядан бошқа ҳеч бир Ғарб давлати хавотирда эмаслигини айтди. 

"Афсуски, Ғарбдаги бир давлатдан ташқари, бу муаммони ҳал қилиш йўли билан ҳеч ким шуғулланмади. Деярли барча Европа давлатлари жим турибди. Ҳеч ким қирғинни тўхтатиш учун аралашмаяпти. Фақат Испанияда вазият ижобий томонга ривожланмоқда. У ерда ҳукумат тузилди, келаси ҳафта мен Бош вазир Педро Санчес билан учрашаман, у (Яқин Шарқда бўлаётган воқеалар бўйича) бошқача позицияга эга”, дейди Президент. 

Эрдўған сукут сақлаган давлатлардан юз ўгира олмаслигини тушунтирди. 

"Биз улар билан учрашамиз, муҳокама қиламиз, уларни қандай қилиб Фаластин томонига тортиш ҳақида ўйлаймиз. Ўтган ҳафта Германияга ташриф буюрдик. Биз Европада нималар бўлаётганини кўриб турибмиз", дейди у.

Туркия раҳбари, айниқса, Ислом олами Ғазо секторининг ишғол қилинишига жим турмаслиги кераклигини таъкидлаб, Ғазонинг қулаши Ислом оламининг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги учун нуқта бўлишини айтди. 

“Исроилнинг Ғазони ўйламасдан босиб олиши ва халқаро ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари ва ахлоқий қадриятларни ҳисобга олмаган ҳужумларига жим туриш ва жавоб бермаслик уятдир. Ислом олами ҳамжиҳатлик ва бирдамлик руҳида ҳаракат қилиб, бир мушт бўлиши керак. Бу мушт бор кучи билан столга тегса, Исроил ўз ишғоли ва ваҳшийликларини давом эттира олмайди”, дейди Эрдўған.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия Президенти Исроилни “террорчи давлат” деб атаган ва Нетаньяхуни Исроил томонидан Ғазода содир этган “инсониятга қарши жиноятлар” учун Халқаро жиноий судда жавобгарликка тортиш ниятини билдирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил Ғазо Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг