Нетаньяху Макроннинг танқидига жавоб қайтарди

Олам

image

Аввалроқ, Франция Президенти Эммануэль Макрон Исроилни Ғазо секторида тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлаётган бомбардимонни тўхтатишга чақирганди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Макроннинг урушни тўхтатиш ҳақидаги чақириғига муносабат билдириб, бу ўлимлар учун ҲАМАС жавобгар, деб ҳисоблашини айтди. Тегишли ёзма муносабат Исроил Бош вазирининг Х’даги саҳифасида эълон қилинди.

Нетаньяху ўз баёнотида ҲАМАС номини "ИШИД" билан бирлаштирган.

“Тинч аҳолига етказилган ҳар қандай зарар учун жавобгарлик Исроил эмас, ҲАМАС-ИШИД зиммасида. Бугун ҲАМАС-ИШИД томонидан Ғазода содир этилган жиноятлар эртага Париж, Нью-Йорк ва бутун дунёда содир этилади. Жаҳон етакчилари ҲАМАС-ИШИДни қоралаши керак, Исроилни эмас,” дейди Нетаньяху.

Исроил Бош вазирининг эслатишича, ҲАМАС билан уруш бошлаш қарори Исроил ҳудудига қилинган ҳужум ортидан қабул қилинган. Ўшанда 1,2 минг исроиллик ҳалок бўлган. 

Нетаньяхунинг даъво қилишича, Исроил тинч аҳолига зарар етказмаслик учун уларни хавфсиз ҳудудларга кетишга ундаган, бироқ ҲАМАС эвакуациянинг олдини олиб, одамлардан тирик қалқон сифатида фойдаланган. Шунингдек, Нетаньяху ҲАМАСни асирларни гаровда ушлаб туриш, мактаблар, масжидлар ва шифохоналардан қўмондонлик марказлари сифатида фойдаланишда айблаган.

Маълумот учун, 7 октябрдан бери 11 мингга яқин одам Исроил ҳарбий амалиёти қурбони бўлган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Макрон Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари ҳеч қандай асос ва қонунийликка эга эмас, деган фикрни билдирган ва уларни тўхтатишга чақирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эммануэль Макрон Исроил Ғазо ҲАМАС Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг