Нетаньяху Халқаро суднинг Ғазо бўйича қарорини қабул қилмади
Олам
−
27 Январь
5268Исроил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Халқаро судининг Ғазо секторидаги геноцид даъвоси бўйича вақтинчалик чоралар кўриш ҳақидаги қарорини рад этди. Бу ҳақда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху маълум қилди.
“Барча давлатлар сингари Исроил ҳам ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу асосий ҳуқуқни инкор этишга ҳар қандай уриниш яҳудий давлатига қарши очиқ-ойдин камситишдир ва биз буни ҳақли равишда рад этамиз. Исроилни геноцидда айблаш нафақат нотўғри, балки ҳайратланарли ва барча буни инкор этиши керак”, дейди Бош вазир видеомурожаатида.
Ҳукумат раҳбари Исроил “Фаластин тинч аҳолига зарар етказмаслик учун барча имкониятларни ишга солиб, ҲАМАСдан ҳимояланишда” давом этишини айтди.
Шунингдек, у ҳукумат аъзоларидан Халқаро суднинг Ғазо секторидаги геноцид ҳақидаги қарорига изоҳ бермасликни сўради. Бироқ Исроил Миллий хавфсизлик ва Мудофаа вазирлари Халқаро судни "антисемитизм"да айблади.
"Гаагадаги антисемит судининг қарори аллақачон маълум бўлган нарсани исботлайди: бу суд адолат изламайди, унинг мақсади яҳудий халқини таъқиб қилишдир", дейди ўта ўнг сиёсатчи бўлган Итамар Бен-Гвир.
Исроил Мудофаа вазири Йоав Галлант эса вақтинчалик чоралар тўғрисидаги буйруқни қабул қилиш билан Халқаро суд "кутилганидан ошиб кетган"ини иддао қилди.
"Исроил давлатига Ғазо секторидаги террорчилар ва тинч аҳоли ўртасида чегара чизиш учун ахлоқий сабоқ керак эмас", дейди Галлант.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 январь куни Гаагадаги Халқаро суд Ғазога қилинган ҳужумлар билан боғлиқ БМТ геноцид конвенциясини бузганлик учун Жанубий Африка Республикасининг Исроилга қарши даъвосида Ғазодаги геноцид айби билан Исроилга нисбатан вақтинчалик чоралар кўриш қарорини эълон қилганди.