Нетаньяху Байден билан барча келишмовчиликларини ҳал қилишга умид қилмоқда
Олам
−
10 Май
3442Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳда кенг кўламли операция бошланса, Вашингтон Исроилга қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатади, деган очиқ огоҳлантиришидан сўнг, АҚШ Президенти Жо Байден билан барча келишмовчиликларни бартараф этишга умид қилмоқда. Бу ҳақда у “Merit Street Media” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
"Мен Жо Байденни кўп йиллар давомида, 40 ёки ундан кўпроқ вақт давомида биламан, бизда фарқлар бор эди ва биз уларни енгиб ўтишга муваффақ бўлдик. Мамлакатимизни ҳимоя қилиш учун нима қилишимиз керак бўлса, шуни қиламиз ва бу келажагимизни ҳимоя қилиш демакдир", дейди у.
Қайд этиш жоизки, АҚШ Президенти Жо Байден 8 май куни CNN телеканалига берган интервьюсида Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрида йирик ҳарбий операция ўтказилса, АҚШ Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишини айтган. Шу куни АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Вашингтон Рафаҳ атрофидаги вазият муносабати билан Исроилга қисқа муддатли ҳарбий ёрдамнинг айрим турларини кўриб чиқаётганини тушунтирди. Унинг баёнотларидан маълум бўлишича, юқори қувватли бомбаларни етказиб бериш тўхтатилган. Пентагон раҳбарининг сўзларига кўра, таъминот бўйича якуний қарорлар қабул қилинмаган. Давлат департаментининг аниқлик киритишича, Исроилга фақат бир партия ўқ-дорилар етказиб бериш тўхтатилган бўлса-да, бошқа ҳарбий юклар ҳам кўриб чиқилмоқда.
"Бу пауза. Биз маълум бир таъминот бўйича пауза ҳақида гапиряпмиз. Бу қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш эмас, балки пауза", деган Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер.
Нетаньяху эса Исроил армияси Фаластиннинг ҲАМАСнинг 24 та батальонидан 20 тасини йўқ қилганини айтган.
“Биз 24 та ҲАМАС террор батальонидан 20 га яқинини йўқ қилишга муваффақ бўлдик, биз Рафахда яна 4 тасини йўқ қилишимиз керак, шунинг учун биз уларни ўша ерда қолдира олмаймиз”, деган Бош вазир.
Шу билан бирга, Нетаньяху Рафаҳдаги операция давомида Исроил “жуда кучли қаршиликка дуч келишини” тан олди, бироқ исроиллик ҳарбийлар буни енгиб ўтишига ишонч билдирди.