Нетаньяху ҳар қандай сценарийда Фаластин давлатини яратишни рад этди
Олам
−
19 Январь
6409Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ маъмуриятига ҳар қандай шаклда Фаластин давлати ташкил этилишига қарши эканини етказди. Бу ҳақда у кеча, 18 январь куни Тель-Авивдаги матбуот анжуманида маълум қилди.
“Биз ҲАМАС устидан ҳал қилувчи ғалаба”га эришмагунимизча, Ғазо секторига ҳужумларни давом эттирамиз”, деган Бош вазир.
Нетаньяху халқаро ҳамжамият, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган икки давлат таклифларини рад этишини такрорлади. Унинг сўзларига кўра, у бу позициясини АҚШ маъмурияти эътиборига ҳавола қилган.
"Келажакдаги ҳар қандай келишувларга кўра Исроилга Иордан дарёсининг ғарбий қисмидаги барча ҳудудда хавфсизлик назорати керак. Бу суверенитет ғоясига зиддир. Хўш, биз нима қила оламиз? Бош вазир дўстларимизга йўқ дейишга қодир бўлиши керак", дейди Нетаньяху.
“The Times of Israel” нашрининг ёзишича, Нетаньяху бундай сиёсат Исроилнинг араб давлатлари билан муносабатларини яхшилашда давом этишига тўсқинлик қилмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 17 январь куни Давосдаги форумда сўзга чиққан АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен яна Фаластин давлатининг ташкил этилиши Яқин Шарқдаги вазиятни барқарорлаштириши ва узоқ муддатда Исроил хавфсизлигини кафолатлашини тушунтирганди. Шу билан бирга, Давлат котибининг ишонтиришича, Исроилнинг бошқа минтақа давлатлари билан интеграциялашуви Эрон ва унга бўйсунувчи кучларни, жумладан ҳусийларни ҳам яккалаб қўяди. Шу билан бирга, Блинкен Исроил бу имкониятдан фойдаланиш ёки йўқлигини ҳал қилишига ишора қилди.
Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд эса Ар-Риёд Исроилни Яқин Шарқ можаросини ҳал қилувчи ва Фаластин давлатининг пайдо бўлишига ёрдам берадиган кенг келишувнинг бир қисми сифатида тан олиши мумкинлиги ҳақидаги саволга ижобий жавоб берганди. Унинг таъкидлашича, Исроил учун тинчлик фақат Фаластин давлати мавжуд бўлгандагина таъминланиши мумкин. Бироқ, ҳозирда, вазирнинг сўзларига кўра, Исроилнинг ҳаракатлари унинг келажакдаги тинчлиги ва хавфсизлиги истиқболларини хавф остига қўяди.
LiveБарчаси