Нега айнан Хитой? Атамбоев Қирғизистон сирларини очди
Олам
−
06 Апрель 2021
32934Айни пайтда қамоқда бўлиб турган Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев мамлакат учун "қанча кўп" ишлар қилгани тўғрисида мақола ёзди.
Хусусан, у Россия ва Хитойнинг Қирғизистонга берган беғараз ёрдами тўғрисида таъкидлаб ўтган.
Атамбоевни кўпинча мамлакат ташқи қарзининг кескин ўсиб кетгани учун танқид қилишади. Сиёсатчининг бу борада жавоби шуки, "кредитлар иқтисодиётни сақлаб қолиш учун жуда муҳим бўлган".
"Мен бундай экспертлар ва танқидчиларга яқин ўтмиш ҳақида яна бир бор эслатиб қўймоқчиман. 2010 йил декабрь. Мен Бош вазир этиб сайландим. Вазият оғир. Ёнғинлардан кейин Ўш ва Жалолободни қайта қуриш керак. Юзлаб оилалар, минглаб одамларнинг бошида томи йўқ.
Мамлакат иқтисодиёти чуқур инқирозга юз тутмоқда, чунки энергетика инқирозга учраган. Мамлакат доимий равишда электр энергияси танқислигини бошдан кечирарди. Чироқнинг кундалик ўчиши одатий ҳол эди. Жадвалга мувофиқ, Республиканинг туманлари ва ҳаттоки бутун вилоятлари узоқ соат электрсиз қоларди. Бишкекда электр қуввати йўқлиги сабабли янги қурилиш музлатилган. Мамлакат бўйлаб турар-жой биноларида уч фазали электр энергияси узиб қўйилган. Қишлоқларда дафн маросими пайтида марҳумнинг уйида чироқ бўлиши учун қишлоқ аҳолиси электрчига пора берган. Бугун ҳам шундай яшашни хоҳлаган бўлармидингиз?", деб ёзган Атамбоев.
Собиқ Президентнинг сўзларига кўра, "Датка" ва "Кемин" подстанциялари ва шу номдаги "Датка-Кемин" электр узатиш линияси қурилишидан олдин Қирғизистон Тўхтагул ГЭС томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини ҳам мустақил равишда бошқара олмас эди.
Бундан ташқари, мамлакат ҳар йили ўз электр энергиясини мамлакатнинг жанубидан шимолига транзит қилиш учун 10-12 миллион доллар тўлаган.
Президентга кўра, "Шимол-Жануб" автойўлини қуриш ҳам зарур бўлган, чунки унинг қурилишидан олдин мамлакатнинг турли чеккаларини фақат битта йўл боғлаб турар эди ва зилзила, қулаш ёки террористик ҳужум содир бўлган тақдирда, шимол ва жануб ўртасидаги алоқа йўқоларди.
Атамбоев 2010-2013 йилларда Қирғизистон энг қийин инқироз даврини бошдан кечирганини маълум қилган.
"2017 йил май ойида менга тақдим қилинган Президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлимининг маълумотларига кўра, бош вазирлик ва президентлик давримда умумий қиймати 2,9 миллиард доллар бўлган беғараз ёрдам олиш тўғрисида шартномалар имзоланган", деб эслаган Атамбоев.
Шунингдек, у Россия Федерациясининг Россия-Қирғизистон ривожланиш жамғармасининг устав фондига қўшган ва аслида уни Марказий Осиё Республикаси иқтисодиётини ривожлантириш учун хайрия қилган 500 миллион доллари ҳақида ёзган.
Умуман олганда, собиқ Президентнинг таъкидлашича, унинг жамоаси мамлакатга хорижий давлатлар ва халқаро молия институтларидан 3,5 миллиард доллардан ортиқ миқдордаги (беғараз, қайтарилмас) ёрдамни жалб қила олган. Шунингдек, унинг саъй-ҳаракати билан яна ярим миллиард эски қарзлардан воз кечилган.
"Кредитларни бошқа мамлакатлардан ёки халқаро молия ташкилотларидан олиш керак эди, лекин Хитойдан эмас, деганлар учун шуни эслатиб қўймоқчиманки, улкан қўшнимиз энергетика ва транспорт мустақиллигига эришиш учун бошқа мамлакатлар ёрдам беришдан бош тортган, халқаро молия ташкилотлари эса кредит ажратишнинг асосий шарти электр энергияси тарифларини бир неча бор оширилишини белгилаб қўйган бир пайтда бизга имтиёзли кредитлар берган. Хитой ўша оғир йилларда доимо бизга ёрдам берган. 2013-2017 йилларнинг ўзида Хитой Қирғизистонга қарийб 400 миллион долларлик грантлар тақдим этган", дейилган мақолада.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, кейинчалик унинг вориси Жээнбеков Пекин билан муносабатларни бузган.
Атамбоев ўз ҳукмронлиги йилларида мамлакатнинг ташқи қарзи миллиард долларга ўсганини тан олган, аммо унинг таъкидлашича, бир вақтнинг ўзида ЯИМ ҳам 2,5 баравар ошган.
Сиёсатчи мамлакат фуқароларини ташқи қарздан қўрқмаслик учун фаол ишлашга чақирган.
Унинг сўзларига кўра, ҳар доим иқтисодий ўсиш мамлакат қарзининг ўсишидан устун бўлиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Бишкек шаҳрининг Первомайский туман суди Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевнинг қамоққа олиш тартибини икки ойга узайтирди.
Ўтган йил июнь ойида Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбоев “қонундаги ўғри” Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши тўғрисидаги иш бўйича коррупцияда айбдор деб топилди ва унга нисбатан 11 йил-у икки ойлик қамоқ жазоси тайинланди.
LiveБарчаси