Бишкек суди Атамбоевни ҳибсда қолдирди
Олам
−
06 Апрель 2021
5542Бишкек шаҳрининг Первомайский туман суди жорий йилнинг 2 апрель куни Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевнинг қамоққа олиш тартибини икки ойга узайтирди.
Бундан кўриниб турибдики, Атамбоев 7 июнга қадар ҳибсда қолади.
Ўтган йил июнь ойида Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбоев “қонундаги ўғри” Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши тўғрисидаги иш бўйича коррупцияда айбдор деб топилди ва унга нисбатан 11 йил-у икки ойлик қамоқ жазоси тайинланди.
Қирғизистон Жазони ижро этиш давлат хизмати раиси Калибек Качкиналиев худди шу иш бўйича икки йиллик қамоқ жазосини олди.
Суд, шунингдек, Атамбоевнинг мол-мулкини мусодара қилиш ва уни давлат унвонлари ва мукофотларидан маҳрум этиш тўғрисида қарор чиқарди.
2020 йил ноябрь ойининг охирида Қирғизистон Олий суди Атамбоевга берилган ҳукмни бекор қилди ва унинг ишини кўриб чиқиш учун Бишкек шаҳрининг Первомайский туман судига юборди.
4 январь куни Атамбоев соғлиғи ёмонлашгани сабабли тергов изоляторидан шифохона типидаги колонияга кўчирилди.
Шунингдек, собиқ президент 2019 йил август ойида Қўй-Тош қишлоғидаги тартибсизликлар иши бўйича ҳам асосий айбланувчидир.
2019 йил 7 август куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари Атамбоевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳига бостириб киришга икки марта уринди. Эртаси куни ҳам тўқнашувлар давом этди ва 3000 га яқин полициячилар иштирокидаги махсус операция пайтида Атамбоев таслим бўлди. Тартибсизликлар пайтида 225 киши жароҳат олди, бир киши ҳалок бўлди.
2020 йил 5 октябрда Қирғизистонда парламент сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилингандан кейин норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар парламент биносига бостириб киришди. Атамбоевнинг тарафдорлари уни колониядан озод қилишди, аммо кейин у яна ҳибсга олинган.
LiveБарчаси