Назарбоевнинг қизи ва куёви бир йилда 2 млрд долларга бойиди

Олам 6771
image

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг қизи ҳамда куёви Динара ва Тимур Кулибаевлар бир йилда бойлигини 2 миллиард долларга оширди. Бу ҳақда “Forbes” журнали маълумотларига таяниб хабар берилган. 

2022 йилда Кулибаевларнинг бойлиги 7,6 миллиард долларга етган ва улар энг бой одамлар рўйхатида 778-ўринни эгаллаган. 

Маълумотларга кўра, 54 ёшли Динара ва 55 ёшли Тимур Кулибаев мамлакатдаги энг йирик тижорат банки бўлган “Халқ банки”ни назорат қилувчи “Алмэкс” компаниясининг якуний бенефициарлари ҳисобланади. Шунингдек, уларда савдо ва кўнгилочар марказларга эга бўлган компаниялар мавжуд. 

2021 йилда Кулибаев Олма-ота аэропортини турк холдингига сотишни якунлаган. ОАВнинг ёзишича, битим қиймати 365 миллион долларни ташкил қилган.

Қозоғистондаги январь воқеаларидан кейин Тимур Кулибаев “Атамекен” тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимидан истеъфога чиқди. Динара Кулибаева омма олдига камдан-кам ҳолларда чиқади. ОАВ хабарларига кўра, у кўп вақтини чет элда ўтказади.  

Динара Кулибаева Женева кўли қирғоғидаги иккита ҳашаматли мулк, жумладан, Бельрив қалъаси эгасидир. Швейцария матбуотига кўра, Кулибаеванинг тарихий аҳамиятга эга бўлган бинони реконструкция қилиш режаси Женева кантони раҳбариятини хавотирга солган. 

Deutsche Welle шу йилнинг февраль ойида Динара ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев ва унга алоқадор компаниялар Германияда қиймати 100 миллион евролик элита мулки, вилла ва иккита меҳмонхонага эгалик қилиши ҳақида хабар берган эди. Маълумотларга кўра, Кулибаевнинг Европа давлатларида бошқа мулклари ҳам бор. 

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 210
Рейтинг: 2.9
t
×