Назарбоевнинг “элбоши” мақоми бекор қилинди
Олам
−
15 Февраль 2023
9013Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонунчилик нормаси ўз кучини йўқотганлиги ҳақидаги қонунни имзолади. Қонун мамлакатнинг биринчи раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг мақоми ва ваколатларига тааллуқлидир. Бу ҳақда бугун, 15 февраль куни Қозоғистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
“Давлат раҳбари Қозоғистон Республикасининг “Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши тўғрисидаги конституциявий қонунини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Конституциявий қонунни имзолади”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 13 январь куни Қозоғистон парламенти депутатлари палаталарнинг қўшма мажлисида қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш учун овоз берган эди. Улар ҳозирги вақтда биринчи президентнинг мақоми ва ваколатларини алоҳида конституциявий қонун даражасида тартибга солишнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари мавжуд эмаслигини айтганди.
Шунингдек, ўтган йилнинг 5 июнида Қозоғистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтган ҳамда мамлакатнинг Биринчи Президенти Назарбоевнинг мақоми ва ваколатлари ҳақидаги модда, шунингдек, унга кетма-кет икки мартадан ортиқ давлат раҳбари лавозимига сайланишига имкон берувчи модда бекор қилинганди. Бундан ташқари, Назарбоевнинг миллат етакчиси мақомининг ўзгармаслиги тўғрисидаги норма ҳам Конституциядан чиқариб ташланганди.
Қозоғистон Конституциявий суди ҳам жорий йилнинг 10 январида “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида қарор чиқарган.
Элбоши мақоми Назарбоевга нима берарди?
“Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонун Назарбоевнинг, шунингдек, унинг оила аъзоларининг мақоми ва имтиёзларини тартибга соларди. Назарбоев халққа мурожаат қилиш, парламент ва ҳукумат йиғилишларида нутқ сўзлаш ҳуқуқига эга эди. Бу қонунга кўра, Биринчи Президент дахлсизлик ҳуқуқига эга эди. Уни ҳибсга олиш мумкин эмас эди. Дахлсизлик Назарбоевга, унинг оила аъзоларига ва уларга тегишли бўлган барча мулкларга тааллуқли эди.
Биринчи Президент тўғрисидаги қонун бекор қилингандан сўнг Назарбоевнинг ваколатлари Конституция ва Қозоғистон Президенти тўғрисидаги қонун билан тартибга солинади. Бу ерда мамлакатнинг собиқ раҳбарларига тегишли алоҳида боблар мавжуд. Шу билан бирга, биринчи президентнинг қариндошлари учун ҳам имтиёзлар бекор қилинади.
Маълумот учун, 13 январь куни Қозоғистон парламентида бўлиб ўтган палаталарнинг қўшма мажлисида депутатлар ҳам “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонунни бекор қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Назарбоевнинг “фахрий сенатор” мақоми ҳам бекор қилинган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси