Назарбоев Путин билан нега учрашгани айтилди
Олам
−
02 Июнь 14832 2 дақиқа
Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг Россия Президенти Владимир Путин билан 29 май куни Москвадаги учрашуви яккама-якка ўтди, чунки улар узоқ йиллик дўстона муносабатларга эга. Бу ҳақда республика биринчи президентининг матбуот котиби Ойдос Укибай хабар берди.
“Оммавий ахборот воситалари сўровлари билан боғлиқ ҳолда шуни маълум қиламан: Нурсултон Назарбоевнинг Москвага ташрифи шахсий, норасмий бўлди. У ва Владимир Путин ўртасида давлат ваколатлари мавжудлигидан қатъи назар, узоқ йиллик, дўстона муносабатлар мавжуд”, дейилади матбуот котибининг биринчи президент сайтида чоп этилган шарҳида.
Унинг таъкидлашича, Назарбоев Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тадбирларга таклифнома олган.
“Объектив шароитлар туфайли у расмий тантаналарда қатнаша олмади ва Москвага кейинроқ – якка ҳолда ташриф буюрди”, дейди Укибай.
Матбуот котибининг таъкидлашича, Назарбоев бир қатор дунё етакчилари билан “телефон суҳбатлари, шахсий ёзишмалар ва индивидуал учрашувлар орқали” алоқада бўлиб туради.
“Бу нафақат Россияга, балки Туркия, Хитой, БАА, Ўзбекистон, Беларусь ва бошқа мамлакатларга ҳам тегишли. Бундай ҳамкорлик формати халқаро амалиётга мос келади ва давлат фаолияти давомида шаклланган шахсий алоқаларни акс эттиради”, деди у.
Укибай, шунингдек, бу одатий амалиёт эканини эслатиб, Путин 29 май куни Москвада Япониянинг собиқ бош вазири Синдзо Абэнинг беваси Аки Абэ билан ҳам учрашганини қайд этди.
Маълумот учун, Нурсултон Назарбоев 1991 йилдан 2019 йилгача Қозоғистон президенти лавозимида ишлаган. 2019 йил март ойида у ўз илтимосига кўра истеъфога чиқди. Июнь ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида Қосим-Жомарт Тўқаев ғалаба қозонган эди.
2022 йил январида Қозоғистонда йирик тартибсизликлар ва норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишчиларнинг талабларидан бири Назарбоевни сиёсатдан четлаштириш эди. 2023 йилнинг январь ойида Қозоғистон парламенти бир овоздан Назарбоевни “Элбоши” мақомидан маҳрум қилди. Шундан сўнг, дарҳол Сенат у Қозоғистон фахрий сенатори бўлмаслигини эълон қилди. Кейинчалик эса парламентда бу унвон бутунлай бекор қилинди. Май ойи охирида собиқ президентни ҳақорат қилиш жиноят ҳисобланмаслиги маълум бўлди. Илгари собиқ президентни ҳақорат қилган фуқаролар уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинарди.
Live
Барчаси