Назарбоев Мирзиёев ва унинг оиласини Наврўз билан табриклади
Жамият
−
22 Март 2022
6085Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Наврўз байрами билан табриклаб, мактуб йўллади. Бошқа давлат ва Ҳукумат раҳбарларидан фарқли ўлароқ, Назарбоев ўз хатида Мирзиёевнинг оила аъзоларини ҳам байрам билан табриклаган.
“Ҳурматли Шавкат Миромонович! Сизни буюк Наврўз байрами билан чин дилдан табриклайман.
Наврўз – энг қадимий қадриятлардан. Халқларимиз қалбини эзгуликка тўлдирувчи, уларга фаровонлик ва шодлик келтирувчи ушбу байрам биродарлик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамласин. Маънавий муштараклик, ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларининг уйғунлигини юқори баҳолар эканман, икки томонлама стратегик шериклигимизнинг изчил ривожланиши мамлакатларимизни катта муваффақиятларга элтади, деб ишонаман.
Ушбу шукуҳли дамларда, ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизга ва оилангиз аъзоларига мустаҳкам соғлик ва фаровонлик, биродар Ўзбекистон халқига эса равнақ ва бахт-саодат тилайман”, деб ёзади Нурсултон Назарбоев.
Қайд этилишича, баҳор, табиат уйғониши ва янгиланиш рамзи бўлган Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли давлат ва жамоат арбобларидан самимий қутловлар келмоқда. Уларда Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари изҳор этилган.
Хорижий ҳамкорлар ўз қутловларида Янги Ўзбекистондаги мамлакатни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳот ва янгиланишларда эришилаётган катта ютуқ ва муваффақиятларни, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи изчил мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида қайд этган.
Мирзиёевга Нурсултон Назарбоевдан ташқари, АҚШ Президенти Жозеф Байден, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сардор Бердимуҳамедов, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос, Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, Ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Мин, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Амреев, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусрав Нозирий ва бошқалар табрик йўллаган.