Назарбоев халқни Тўқаев атрофида бирлаштириш ва Қозоғистон яхлитлигини сақлашга ишонтирмоқда
Олам
−
25 Ноябрь 2020
5469Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши, “Нур Отан” партияси сиёсий кенгаши раиси Нурсултон Назарбоев мамлакат яхлитлигини сақлаш, халқни ўз “вориси” – Президент Қосим-Жомарт Тўқаев атрофида бирлаштириш ва давлатни янада ривожлантириш йўлида меҳнат қилишга ишонтирмоқда. Бу ҳақда у бугун, 25 ноябрь куни “Нур Отан” партиясининг навбатдан ташқари ХХ съездида гапирган. Йиғилишда мамлакат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев ва Бош вазир Асқар Мамин ҳам иштирок этган.
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти юбилей съездидаги нутқида "Нур Отан" партияси бугунги кунда мамлакатнинг асосий сиёсий кучи эканини айтган.
Мамлакатни 29 йил давомида бошқарган собиқ давлат раҳбари – "Нур Отан" партияси раиси мустақиллик йилларида мамлакат тараққиётининг асосий ютуқлари ҳақида тўхталди.
“Аввало, бозор иқтисодиёти ва мамлакатни модернизация қилишга йўналтирилган туб ислоҳотларни амалга ошириш натижасида Қозоғистон 30 йил давомида сезиларли ижтимоий ва иқтисодий ютуқларга эришди. Бозор ислоҳотлари, саноатни ривожлантириш ва хорижий сармоялар оқими самарадорликнинг ўсиш двигателига айланди ва иқтисодий ўсишни таъминлади. Иш билан таъминланиш даражасини сезиларли оширди ва жамиятдаги ижтимоий табақаланишни пасайтирди”, дейди Элбоши.
Нурсултон Назарбоев мустақиллик йилларида Қозоғистон ўзининг ўзига хос миллий бирлик стандартини яратиб, этник хилма-хилликни устунликка айлантирганини таъкидлади.
“Бизнинг молиявий “хавфсизлик камаримиз” иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари даврида яратилган Миллий жамғарма бўлди. 1400 та янги шифохона ва поликлиника, 1800 та мактаб ва 900 та болалар боғчаларини қуриш орқали ижтимоий инфратузилмани янгиладик. Қабул қилинган "Қозоғистон – 2050" стратегияси доирасида биз мақсадга мувофиқ равишда ривожланган Иқтисодий тараққиёт ва ривожланиш ташкилотлари мамлакатлари стандартларига ўтмоқдамиз”, дейди Қозоғистоннинг Биринчи Президенти.
Элбоши пандемия даврида партия иши ва "Нур Отан"нинг янгиланиш жараёни ҳақида батафсил маълумот берди.
“Партиямиз барча минтақаларда бошқарув тажрибаси ва жиддий инсон ресурсларига эга бўлган энг йирик сиёсий кучдир. Сифат жиҳатидан “Нур Отан” бутун қозоқ жамиятининг проекциясидир. Шунинг учун биз мамлакат ва бутун Қозоғистон халқи равнақи йўлида ишлашни давом эттиришга қатъий қарор қилганмиз”, дейди Қозоғистоннинг Биринчи Президенти.
Нурсултон Назарбоев партияга доимий равишда раҳбарлик қилиб келгани, бундан кейин ҳам қуйидаги учта асосий принципга амал қилишини таъкидлади: масъулият, жамоанинг бирлиги, умумий ғоялар ва мақсадларга содиқлик.
Назарбоев партиянинг ислоҳотларни ўтказиш тажрибаси ва барча режаларни амалга ошириш учун сиёсий иродаси борлигини таъкидлади. Йиғилишда партиянинг янги дастури тақдим этилди.
“Партиянинг янги дастури амалга оширилади. Бу мамлакатни янада модернизация қилишни ва барча қозоғистонликларнинг турмуш сифатини яхшилашни таъминлайди. Сайлов кампаниясини муваффақиятли ўтказиш учун партия Республика ва минтақавий штабларнинг мувофиқлаштирилган ишини ташкил қилиши керак. Номзодлар, фаоллар, ишончли вакиллар барча вилоятларга ташриф буюриб, ҳар бир сайловчига мурожаат қилишлари керак”, дейди Қозоғистоннинг Биринчи Президенти.
Республика сайловолди штаби раҳбари сифатида Нурсултон Назарбоев партия раисининг биринчи ўринбосари Бауиржан Байбекнинг номзодини илгари сурди.
Хулоса қилиб, партия раиси мамлакат мустақиллиги ва яхлитлигини сақлаш, халқни Президент Қосим-Жомарт Тўқаев атрофида бирлаштириш, давлатни янада ривожлантириш учун фаолиятини давом эттиришига ишонтирди.
Съезд якунлари бўйича “Ўзгаришлар йўли: ҳар кимга муносиб ҳаёт” партиясининг сайловолди дастури қабул қилинди, шунингдек, 126 партия аъзоларидан иборат Парламент Мажлисига сайловлар бўйича партиялар рўйхати тасдиқланди.
Маълумот ўрнида, Нурсултон Назарбоев раислигидаги “Нур Отан” партиясига 1999 йилда асос солинган. 2005 йилнинг 9 сентябрь куни партия лидери ва давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев иштирокида “Нур Отан” партиясининг VIII қурултойи бўлиб ўтди. Биринчи марта қурултойда Назарбоев номзоди "Нур Отан" партиясидан Қозоғистон президентлигига номзод сифатида кўрсатилди ва "Президентликка номзод Нурсултон Абишевич Назарбоевни қўллаб-қувватловчи Қозоғистон Халқ коалицияси" сайлов блокини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь