Назарбоев Абу-Даби валиаҳд шаҳзодасини мукофотлади 

Олам

image

Қозоғистоннинг биринчи Президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоев Бирлашган Араб Амирликларида Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси, БАА Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид ал-Наҳаён билан учрашиб, унга “Ядро қуролисиз дунё ва глобал хавфсизлик учун” мукофотини топширди. Бу ҳақда Назарбоевнинг матбуот хизмати хабар берган.  

Назарбоев БАА халқини мамлакат ташкил топганининг 50 йиллиги билан табриклаб,
қисқа тарихий даврда турли соҳаларда эришилган юксак натижаларни алоҳида таъкидлаган. 

“Учрашувда Қозоғистоннинг биринчи Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид ал-Наҳаёнга “Ядро қуролисиз дунё ва глобал хавфсизлик учун” мукофотини топширди. Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси тинчлик, минтақавий барқарорлик ва барқарор иқтисодий ривожланишга қўшган ҳиссаси учун мукофотланди. Шайх Муҳаммад бин Зоид ал-Наҳаён Элбошига ва Назарбоев мукофоти қўмитаси аъзоларига унинг фаолиятига берилган юксак баҳо учун миннатдорлик билдирди”, дейилган хабарда. 

Таъкидланишича, Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Қозоғистон ва БАА ўртасидаги муносабатларни ўрнатиш ва мустаҳкамлашда Назарбоевнинг катта роли ва хизматларини қайд этиб, икки қардош давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга ишонч билдирган. 

Суҳбат чоғида томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг энг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашган. 

Маълумот ўрнида, Назарбоев номидаги “Ядро қуролисиз дунё ва глобал хавфсизлик учун” мукофоти Қозоғистоннинг биринчи Президенти томонидан 2016 йилда таъсис этилган. 

У ядро қуролини тарқатмаслик, ядро синовларини тўхтатиш, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишга қўшилган улкан ҳисса, шунингдек тинчлик ва дўстликни, халқлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, тенг ҳуқуқлилик ва давлатлараро муносабатларда тенг хавфсизликни таъминлашга қаратилган фаолият учун берилади. Ташкил этилганидан буён мукофот Иордания қироли Абдулла II, МАГАТЭнинг собиқ бош директори Юкия Амано ва Ядро синовларини ҳар томонлама тақиқлаш шартномаси ташкилотининг собиқ ижрочи котиби Лассина Зербога топширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

БАА Назарбоев валиаҳд шаҳзода

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг