Жазоир БАА билан дипломатик алоқаларни узди
Олам
−
08:16 848 2 дақиқа
Жазоир Бирлашган Араб Амирликлари билан дипломатик алоқаларни узганини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Жазоир Ташқи ишлар вазирлиги Абу-Дабини “провокацион ва душманона” ҳаракатларда айблаган, бироқ муносабатларни узишга олиб келган аниқ ҳодисаларни очиқламаган. Вазирлик икки давлат ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолишнинг барча имкониятлари тугаганини билдирган.
Қарорга кўра, БААнинг Жазоирдаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган ва унга мамлакатни тарк этиш учун 48 соат берилган.
Жазоир, шунингдек, БААда рўйхатдан ўтган фуқаролик ва ҳарбий самолётлар учун ўз ҳаво ҳудудини ёпишини маълум қилган. Бироқ БААнинг Жазоирга амалга оширадиган тижорий рейслари 2026 йил охиригача истисно қилинади. Амалдаги келишув муддати тугагач, бу рейсларга ҳам тақиқ жорий этилиши кутилмоқда.
Икки давлат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда тобора кескинлашиб келаётган эди. Жазоир оммавий ахборот воситалари БААни минтақада беқарорликни кучайтиришга уринишда айблаб келган.
Томонлар бир қатор минтақавий масалаларда ҳам қарама-қарши позицияда. Жазоир Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга қарши бўлса, БАА 2020 йилда Исроил билан дипломатик алоқаларни ўрнатган. Шунингдек, Ғарбий Саҳро масаласида ҳам икки давлатнинг позициялари бир-биридан фарқ қилади: БАА Марокашнинг ҳудуд устидан суверенитет даъвосини қўллаб-қувватлайди, Жазоир эса Полисарио фронти тарафдори ҳисобланади.
Бундан ташқари, икки давлатнинг Сахел минтақасидаги манфаатлари ҳам тобора кўпроқ тўқнаш келаётган. Жазоир раҳбари Абделмажид Теббун ўтган йили Форс кўрфази давлатлари билан муносабатлар яхши эканини айтиб, фақат бир давлатни истисно қилган ва уни Жазоирнинг ички ишларига аралашишда ҳамда мамлакатни беқарорлаштиришга уринишда айблаган эди. Унинг гапи БААга ишора сифатида баҳоланган.
БАА Ташқи ишлар вазирлиги эса Жазоир қароридан кейин муносабатлар узилиши вақтинчалик бўлишига умид билдирди. Абу-Даби икки халқ ўртасидаги “биродарлик алоқалари” ва умумий манфаатларни сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлаган.
БАА Президентининг дипломатик маслаҳатчиси Анвар Гаргаш ҳам дипломатик муносабатлар “ақлли ёндашув, мулоқот ва манфаатларнинг аниқлиги” асосида қурилиши кераклигини айтган. Бироқ у ўз баёнотида Жазоирни бевосита тилга олмаган.
Жазоир жорий йил февраль ойида БАА билан 2013 йилда имзоланган ҳаво қатновлари тўғрисидаги келишувни бекор қилиш жараёнини ҳам бошлаган эди. Бу икки давлат ўртасидаги дипломатик зиддиятнинг яна бир белгиси бўлганди.
Live
БарчасиИИҚК Ҳормузда АҚШ дрон кемасини йўқ қилди
10 сентябр
Белгия Ўзбекистонга ўз элчисини тайинлади
10 сентябр