Навоий вилояти тўлиқ экспортга йўналтирилган эркин иқтисодий зонага айлантирилди
Жамият
−
16 Май 2019
5021Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 15 май куни “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Фармоннинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
фармони
Бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инновацион тадбиркорлик ва юқори технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш, шунингдек, Навоий вилояти ҳудудида минерал хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватларни ташкил этиш мақсадида:
1. Навоий вилояти ҳудуди кейинчалик белгиланган тартибда муддатини узайтириш имконияти билан 2030 йил 1 январга қадар инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона этиб белгилансин.
2. Белгилансинки:
Навоий вилоятининг ҳудудий чегаралари ичида инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестиция дастурларини амалга ошираётган корхоналарга, ҳудудда мавжуд бўлган ёки енгил барпо этиладиган инфратузилмаларда ишлаб чиқаришларни ихчам жойлаштирган ҳолда “Навоий” эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда – “Навоий” ЭИЗ) иштирокчиси мақоми берилади;
ўз зиммасига олган инвестиция мажбуриятларини бажармаган тақдирда, “Навоий” ЭИЗ иштирокчилари билан инвестиция битимларни бекор қилиш, тўхтатиб туриш ва уларни “Навоий” ЭИЗ иштирокчиси мақомидан маҳрум этиш фақатгина суд тартибида амалга оширилади.
3. Навоий вилоятидаги Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашига инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар сифатидаги янгидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини ҳамда “Навоий” ЭИЗ дирекциясининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда, уларга “Навоий” ЭИЗ иштирокчиси мақомини тақдим этишни мустақил равишда белгилаш ҳуқуқи берилсин.
4. Навоий вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Навоий вилоятидаги Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналар маъмурий кенгаши билан биргаликда бир ой муддатда инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни белгилаш, шунингдек, “Навоий” ЭИЗ иштирокчиси мақомини бериш учун инновация лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда унинг қатнашчиларини рўйхатга олишнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Эркин иқтисодий зона сифатида Навоий вилоятини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
инновацион фаолиятни ривожлантириш, шунингдек, илғор тажрибани жорий этиш ҳамда юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш;
юқори қўшилган қийматга эга экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни барпо этиш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш;
Навоий вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш;
кимё маҳсулотлари ва замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, табиий тошларни қайта ишлаш ҳамда маҳаллий хом ашё ва материаллар негизида саноатнинг бошқа йўналишлари бўйича кластерлар яратиш;
қимматбаҳо тошлар ва металларни қайта ишлаш соҳасида янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, шунингдек, заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасига инновацион технологияларни жорий қилиш;
вилоят корхоналари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш орқали юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;
вилоятнинг, биринчи навбатда туман марказлари ва йирик аҳоли пунктларининг транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, вилоят ҳудудида йирик логистика марказини ташкил этиш;
ҳудуд иқтисодиётининг ихтисослашган кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжидан келиб чиқиб юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш.
6. Навоий вилояти ҳудудида инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона ташкил этиш бўйича комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин, унга Навоий вилоятини комплекс ривожлантириш ҳамда унинг ҳудудида инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш масъулияти юклансин.
7. “Навоий” ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган Навоий вилоятидаги корхоналар:
ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслардан олинадиган мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ тўловидан;
бўшаб қоладиган маблағларни янги корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, реконструкция қилиш ва техник, технологик қайта жиҳозлаш, кенгайтириш, ишлаб чиқариш биноларини қуриш, ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур хом ашё ва материаллар харид қилишга мақсадли йўналтирган ҳолда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хом ашё, материаллар ҳамда бутловчи буюмлар, маҳсулот экспорт қилинганда вужудга келадиган қўшилган қиймат солиғининг манфий суммаси қайтарилмаслиги ҳуқуқи билан божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
республикада ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида олиб кириладиган қурилиш материаллари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.
Белгилансинки, мазкур бандда кўрсатилган, божхона имтиёзлари қўлланилган ҳолда олиб кирилган ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар уларни олиб кирилган кундан бошлаб уч йил мобайнида реализация қилинадиган ёки бепул ўзгага топшириладиган ҳолатларда, божхона тўловлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда ундириб олинади.
8. Маълумот учун қабул қилинсинки:
а) ушбу Фармоннинг 7-бандида назарда тутилган имтиёзлар киритилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йил муддатгача, шу жумладан, эквиваленти:
300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар – 3 йил муддатга;
3 миллион АҚШ долларидан 5 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар – 5 йил муддатга;
5 миллион АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар – 7 йил муддатга;
10 миллион АҚШ доллари ва ундан кўп ҳажмдаги инвестициялар кейинги 5 йил давомида даромад солиғи ва ягона солиқ тўловининг амалдаги ставкаларини 50 фоиз ҳажмда қўлланган ҳолда – 10 йил муддатга берилади;
б) “Навоий” ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган хўжалик юритувчи субъектларга экспорт ва импорт қилинадиган товарлар учун ҳақ тўлаш ва ҳисоб-китобларнинг ўзи учун қулай шарт ва шаклларидан фойдаланишига рухсат этилади;
в) “Навоий” ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан солиқ тўловчининг ҳолатини ёмонлаштирадиган Ўзбекистон Республикасининг солиқ қонунчилиги ҳужжатлари қўлланилмайди, акциз солиғига тортиладиган товарларга солиқ солишни тартибга солувчи ҳужжатлар бундан мустасно;
г) 2019 йил 1 июндан бошлаб хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари – “Навоий” ЭИЗ қатнашчилари ва уларнинг оила аъзоларига республика ҳудудидан чиқмасдан узайтириш имконияти билан, амал қилиш муддати уч йилгача бўлган “инвестиция визаси” берилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
“Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” давлат унитар корхонасини “Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” акциядорлик жамиятига (кейинги ўринларда – “Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ) айлантирсин;
“Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ тузилмасида Экспортни қўллаб-қувватлаш марказини ташкил қилсин ҳамда “Навоий” ЭИЗ қатнашчиларига маслаҳат, воситачилик хизматларини кўрсатиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси ва хориждаги кўргазма ва ишбилармонлик тадбирларида иштирокини ташкил қилиш, иштирокчининг буюртмасига кўра тижорат асосида маркетинг тадқиқотларини ўтказиш орқали уларга маҳсулотлар экспортида кўмаклашиш Марказнинг асосий вазифаси ва фаолият йўналиши этиб белгилансин.
10. “Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ эркин иқтисодий зоналар фаолиятининг бутун даврида солиқлар тўлашдан озод этилсин.
11. Белгилаб қўйилсинки:
“Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖнинг дастлабки устав капитали қайта ташкил этилаётган “Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” ДУКнинг мулклари ҳисобига шакллантирилади;
“Навоий” ЭИЗ ҳудудида жойлашган муҳандислик-коммуникация тармоқларига хизмат кўрсатиш “Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ буюртманомаларига биноан вазирликлар ва идораларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади;
“Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ “Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” ДУКнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича вориси ҳисобланади;
“Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖнинг устав капиталида давлат номидан акциядорлик функцияси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан амалга оширилади;
“Навоий” ЭИЗ ҳудудида бинолар қуриш “Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ томонидан ўз маблағлари ва/ёки хусусий инвесторлар маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин ҳамда кейинчалик ушбу бино ва иншоотлар тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижарага ёки сотиб олиш учун тақдим этилади;
“Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ ўзига берилган ваколатлар доирасида Навоий вилояти ҳудудида жойлашган давлат ихтиёридаги кўчмас мулк объектларини бошқаради ҳамда Навоий вилоятидаги Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши билан келишган ҳолда Навоий вилояти ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун умумий майдони 5000 метр квадратдан кўп бўлмаган, фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 июндаги “Давлат мулки объектларини сотиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3067-сон қарорининг 1 ва 2-иловаларида кўрсатилган объектлардан ташқари) “Навоий” ЭИЗ иштирокчиларига тақдим этади;
“Навоий” ЭИЗ иштирокчилари учун барча, шу жумладан, лицензиялаш ва рухсатномалар олиш бўйича давлат хизматлари “Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ ва/ёки Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан “ягона дарча” тамойили асосида тақдим этилади.
12. Қуйидагилар “Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
ЭИЗ иштирокчиларини рўйхатдан ўтказганлик учун бир марталик тўловлар;
тасарруфида ва бошқарувида бўлган ер участкалари, бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан тушган тушумлар;
“Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ томонидан кўрсатиладиган хизматлар, шу жумладан, маркетинг, консалтинг, логистика, меҳмонхона, таълим ва кадрлар билан боғлиқ хизматларни реализация қилишдан тушган тушумлар;
мақсадли бюджет ажратмалари;
хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
13. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги “Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ билан биргаликда:
а) белгиланган тартибда “Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖнинг тузилмаси тасдиқланиши, таъсис ҳужжатлари, эмиссия рисоласининг рўйхатдан ўтказилиши, шунингдек, унинг органлари, шу жумладан, янги ташкил этилаётган Экспортни қўллаб-қувватлаш марказини инобатга олган ҳолда шакллантирилишини;
б) икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда:
“Навоий” ЭИЗ ҳудудида янги корхоналарни жойлаштириш бўйича “Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ билан иштирокчилар ўртасида тузиладиган намунавий инвестиция келишуви;
“Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ томонидан “Навоий” ЭИЗ иштирокчиларига хизматлар кўрсатиш бўйича намунавий шартнома ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.
14. “Навоий” ЭИЗнинг ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
15. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳар йили Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини келгуси йил учун шакллантиришда “Навоий” ЭИЗнинг транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан капитал қўйилмалар лимитларини назарда тутсин.
16. Навоий вилояти ҳокимлиги:
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда 2019 йил 1 июнга қадар инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Навоий вилоятидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган фойдаланилмаётган ер участкалари, фойдаланилмаётган ва бўш турган давлат мулки объектларини хатловдан ўтказсин;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 сентябрга қадар Навоий вилоятидаги ҳар бир туман марказлари, йирик аҳоли пунктларининг транспорт тизими ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
а) 2019-2021 йилларда Навоий вилоятида инновацион фаолиятни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
б) 2019-2020 йилларда Навоий вилояти ҳудудида амалга оширилиши таклиф этилаётган инновацион ва юқори технологияли лойиҳалар рўйхатини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
в) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси билан биргаликда Навоий вилоятида Инновацион технологияларни жорий этиш маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин, қуйидагилар ушбу марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
халқаро даражада патентлаш имкониятига эга бўлган илмий ҳажмдор ва илғор технологияли ишланмаларни яратиш, янги инновацион маҳсулотларнинг намуналарини моделлаштириш, макетлаштириш, тайёрлашда иштирок этиш ва замонавий лаборатория ускуналаридан фойдаланган ҳолда уларни синовдан ўтказиш;
юқори технологияли инновацион ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш учун янги истиқболли ғоялар ва инновацион илмий ҳажмдор ишланмаларни шакллантириш ҳамда илмий фаолият натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш;
ҳудудда инновацион экотизим, шу жумладан, бизнес акселераторлар, стартаплар ва кичик инновацион корхоналарни ташкил этиш;
ҳамкорликда илмий тадқиқотларни бажариш учун академик, олий таълим ва тармоқ фанлари билан самарали ҳамкорликни таъминлаш.
18. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
“Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ буюртманомаларига биноан “Навоий” ЭИЗ иштирокчилари бўлган корхоналарнинг хорижий ходимларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига кириш, шу жумладан, кўп марталик визаларни консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин;
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда салоҳиятли хорижий инвесторларни жалб қилиш учун яратилган шароитлар ва имкониятлар, ҳудуднинг ва мавжуд минерал-хом ашё ресурслар салоҳиятини халқаро ишбилармон доираларда доимий равишда кенг ёритилишини (тақдимотини) таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан биргаликда мазкур Фармоннинг моҳияти ва мақсадларини хорижий ҳамкорлар ва инвесторларга етказиш чора-тадбирларини кўрсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖнинг буюртманомаларига биноан “Навоий” ЭИЗ иштирокчилари бўлган корхоналарнинг хорижий ходимларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божини ундирмасдан вақтинчалик турар жойи бўйича прописка қилиш ва узайтиришни таъминласин.
20. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда эркин иқтисодий зоналар ҳудудида лойиҳаларни шакллантириш ва амалга оширишнинг барча жиҳатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ишлаб чиқилишини якунласин, унда қуйидагилар назарда тутилсин:
эркин иқтисодий зоналарнинг ихтисослашувини, инвестиция лойиҳаларини танлашнинг аниқ мезонларини белгилаш;
инвесторларни жалб қилиш учун эркин иқтисодий зоналарни муҳандислик-транспорт инфратузилмаси, ижтимоий-маиший ва маданий-жамоат объектлари билан таъминлаган ҳолда зарур шароитлар яратиш механизмларини;
эркин иқтисодий зоналарни бошқариш тизимини, шу жумладан, дирекциялар фаолиятини ташкил этишнинг ягона стандартларини белгилаш, кўрсатилаётган хизматлар рўйхатини кенгайтириш ҳамда эркин иқтисодий зоналар дирекцияларини тадбиркорлик субъектларининг ишончли бошқарувига, шу жумладан, хорижий компанияларга топшириш орқали такомиллаштириш.
21. Адлия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги “Навоий” ЭИЗ дирекцияси” АЖ ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда икки ой муддатда “Навоий” ЭИЗ” ҳудудида иш юритишда инглиз тилидан фойдаланиб, инглиз стандартлари, тамойиллари ва нормалари асосида “Навоий” ЭИЗ” иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни тартибга солишни назарда тутувчи алоҳида ҳуқуқий режим ўрнатиш бўйича таклифлар киритсин.
22. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда Навоий вилоятида саноат, инжиниринг, технологиялар ва IT дастурлашнинг устувор йўналишлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослаштирилган хорижий олий ўқув юрти филиалини ташкил қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
23. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа тижорат банклари билан биргаликда икки ой муддатда “Навоий” ЭИЗ ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг 1 миллиард АҚШ долларидан кам бўлмаган ҳажмдаги кредит линияларини босқичма-босқич жалб қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
25. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
26. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2019 йил 15 май
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15