Навоий вилояти ҳокимлиги “замҳоким” учун Malibu-2 сотиб олмоқда
Жамият
−
06 Июнь 2021
10243Навоий вилояти ҳокимлиги янги Malibu-2 автомобилини сотиб олмоқда, бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг қарорига зид келадиган 369 миллион сўм нарх белгиланган. Ушбу маълумотлар давлат харидлари порталига жойлаштирилган.
Харид ҳақида батафсил маълумот олиш учун, QALAMPIR.UZ вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати билан боғланди. Маълум қилинишича, ушбу автомобиль Навоий вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари — туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган Саъдулло Мирзаевич Мирзаевга мўлжалланган.
“Ҳозирда тендер лоти шакллантирилган. Энг юқори нарх ҳозирда 369 миллион сўм қўйилган. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг қарорида 367,5 миллион сўм энг юқори нарх сифатида белгиланган. 1,5 миллион сўмга фарқ қиляпти, лекин тендер жавобларига қараб, вазирлар Маҳкамаси қарори талабларига тўғри келадими, йўқми билиб, кейин шартнома тузилади. Ҳали ҳеч ким билан шартнома тузилмаган. Агар тендерда автомобиль нархи қарорда кўрсатилган нархга тўғри келмаса, сотиб олинмайди”, дейди вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати вакили.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари учун сотиб олинадиган автомобилларнинг энг юқори нархи — БҲМнинг 1500 баравари (367,5 млн сўм)дан ошмаслиги белгилаб қўйилган.
Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсуновнинг тегишли фармойишига кўра, хизмат автомашинаси сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар учун 601,1 миллион сўм ажратилиши белгиланган. Автомобиллар давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ҳисобидан сотиб олинади.
Маълумот учун, 2018 йилда Навоий вилоятидаги 8 та туман ҳокимларига Malibu-2 автомобиллари тарқатилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев 311 млн сўмлик Captiva харид қилаётгани муҳокамаларга сабаб бўлганди.
LiveБарчаси