Навальнийнинг ўлими Киевга ёрдамни оширишга сабаб бўлмоқда – Столтенберг
Олам
−
22 Февраль
4525НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг фикрича, россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ўлими ва Украина Қуролли кучларининг Авдеевкадан чекиниши Шимолий Атлантика альянси ва унинг иттифоқчилари эътиборини Россияга ҳарбий ёрдамни кучайтириш зарурлигига қаратиши керак. Бу ҳақда у кеча, 21 февраль куни Брюсселда “Озод Европа” радиосига берган интервьюсида сўз очди.
“Ишончим комилки, Навальний хотирасини ҳурмат қилишнинг энг яхши усули бу Путиннинг жанг майдонида ғалаба қозонишига йўл қўймаслик, Украинанинг устунлигини таъминлашдир”, дейди Столтенберг.
НАТО Бош котибининг айтишича, бир неча ой давом этган шиддатли жанглардан сўнг Украина қўшинларининг Авдеевкадан олиб чиқилиши Украинага бундан ҳам кўпроқ ҳарбий ёрдам кераклигини, Навальнийнинг колонияда ўлгани ва унинг ўлими ҳолатларини ўрганишнинг кечикиши эса “Кремль режимининг авторитар табиати”га кўпроқ эътибор қаратиш кераклигидан далолат беради.
Столтенбергнинг таъкидлашича, АҚШнинг Украинага 61 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлаш Конгресс Вакиллар палатасида кечикаётган бир пайтда, бошқа давлатлар, жумладан, Швеция, Канада ва Япония ҳам Киевни қўллаб-қувватламоқда.
Бироқ, НАТО Бош котиби Украина деярли икки йилдан бери етказиб берилишини кутаётган F-16 қирувчи самолётларини айнан қачон Украина Қуролли кучлари қабул қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб бермади.
У яна бир бор Киевнинг барча иттифоқчилари F-16 самолётларини имкон қадар тезроқ Украинада кўришни хоҳлашларини айтди, бироқ учувчилар ва механикларни тайёрлашга ҳам эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.
“Мумкин бўлган етказиб бериш муддатига келсак, бу ҳақда ҳарбий экспертлардан сўраган маъқул”, дея хулоса қилди Йенс Столтенберг.
LiveБарчаси