Навальнийнинг ўлими бўйича суриштирув тез орада якунланади
Олам
−
02 Март
4511Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийнинг колонияда ўлгани бўйича суриштирув бир ой ичида якунланиши керак. Бу ҳақда кеча, 1 март куни “Bellingcat” интернет портали раҳбари, болгариялик тадқиқотчи журналист Христо Грозев “Дождь” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, бу сафар бошқа кўплаб тадқиқотчи журналистлар “Bellingcat” билан Коррупцияга қарши кураш халқаро жамғармаси директорлар кенгаши раҳбари Мария Певчих координациясида ишламоқда.
"Биз ҳақиқатни аниқ билиб оламиз ва бу суриштирув аввалгидек узоқ давом этмайди", деб ишонтирди Грозев.
У Россия махсус хизматлари тергов учун зарур бўлган маълумотларни йўқ қилишига йўл қўймаслик мақсадида тергов гуруҳи ҳозир текшираётган аниқ версияларни айтмаган, бироқ Навальний яна заҳарланган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаган.
Шунингдек, Грозев Навальний вафот этган пайтда Россия, АҚШ ва Германия ўртасида сиёсатчини собиқ чечен дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбланиб, Германияда умрбод қамоқ жазосини ўтаётган россиялик разведка ходими Вадим Красиковга алмаштириш бўйича норасмий музокаралар олиб борилганини тасдиқлади. Грозевнинг айтишича, Россия Президенти Владимир Путин бу таклифдан хабардор бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Ямало-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғида жойлашган 3-сонли “Қутб бўриси” ахлоқ тузатиш колониясида вафот этган Алексей Навальнийнинг дафн маросими кеча, 1 март куни Москвадаги Борисов қабристонида бўлиб ўтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь