Навальнийнинг дафн маросими ўтказиладиган эҳтимолий сана ва жой эълон қилинди
Олам
−
26 Февраль
9546Қамоқхонада вафот этган россиялик мухолифатчи Алексей Навальний 29 февраль куни Москвадаги Борисов қабристонига дафн этилиши мумкин. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “База” Telegram-канали хабар берди.
“Кеча тунда улар Навальнийнинг дафн маросимига Москвадаги Борисов қабристонини тайёрлашни бошладилар”, дейилади хабарда.
Бироқ маълумотлар ҳали аниқ эмас. Навальний Хованское ёки Троекуровское қабристонига дафн этилиши ҳам мумкин. Манбага кўра, дафн маросимининг санаси ҳам ҳали эҳтимолий вариантлардан бири ҳисобланади.
“База” томонидан эълон қилинган видеога кўра, бугун, 26 февралга ўтар кечаси Борисов қабристонининг ҳудуди автомобиллардан тозаланган, панжара эса полиция томонидан патрул қилинган.
“Шот” Telegram-канали ҳам Навальнийни 29 февраль куни дафн этиш режалаштирилгани ҳақида ёзди. Навальнийнинг оиласи ҳозирча дафн маросимининг аниқ санаси ва жойини маълум қилгани йўқ.
Маълумот учун, 16 февраль куни тушдан кейин 48 ёшли Алексей Навальний Ямалдаги "Қутб бўриси" деб аталадиган 3-аҳлоқ тузатиш колониясида жазони ўташ пайтида вафот этган. Ўлимнинг расмий сабаблари ҳозирча ошкор этилмаган, терговчилар ўлим билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 24 февраль куни Алексей Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш марҳумнинг жасади онаси Людмила Ивановнага топширилганини маълум қилганди.
LiveБарчаси