Навальнийнинг беваси Инсон ҳуқуқлари жамғармаси раиси этиб сайланди
Олам
−
03 Июль
5040Россиядаги қамоқхонада вафот этган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг беваси Юлия Навальная Инсон ҳуқуқлари жамғармаси (Human Rights Foundation) раиси этиб сайланди. Бу ҳақда жамғарма расмий саҳифасида маълум қилинди.
Ташкилотнинг олдинги раиси Гарри Каспаровнинг ваколати тугатилган. Навальная бу лавозимга киришар экан, диктатуранинг унинг оиласига қилган таъсирига муносабат билдирган.
“Диктаторлар яқинларимиз ва бутун дунё учун қандай таҳдид солаётганига шахсан гувоҳ бўлган одам сифатида Инсон ҳуқуқлари жамғармаси раиси лавозимини ўз зиммамга олишдан жуда фахрланаман. Ушбу қийин пайтларда инсонларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Жамғарманинг миссияси менинг юрагимга жуда яқин ва мен уни илгари суришда ёрдам беришга доимо тайёрман”, деган у.
Жамғармага кўра, турмуш ўртоғи, марҳум россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни қўрқмасдан қўллаб-қувватлагани билан танилган Юлия Навальная Инсон ҳуқуқлари жамғармасига янгича йўналиш олиб киради. Бунда унга демократик тамойиллар ва инсон ҳуқуқларига бўлган содиқлиги ёрдам беради.
2012 йилдан бери ташкилотга раҳбарлик қилиб келаётган Гарри Каспаров ҳам Навальнаяга ишонч билдирган.
“Мен Юлияга ишонаман. Юлиянинг жасорати ва адолатга содиқлиги мени ниҳоятда илҳомлантиради”, деган Каспаров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навальная дунёдаги энг нуфузли 100 киши рўйхатига киритилганди. Шунингдек, Юлия Навальная эри учун Дрезден тинчлик мукофотини олгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси