Навальнийнинг адвокатлари ҳибсга олинди

Олам

image

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни ҳимоя қилган адвокатлар ҳибсга олинди. Бу ҳақда суд матбуот хизматига таяниб, РБК хабар берди.

Айтилишича, дастлаб Игорь Сергунин, кейинчалик Алексей Липцер ва Вадим Кобзев ҳибсга олинган. Адвокатлар кеча, 13 октябрь куни тушдан кейин тинтувлардан сўнг қўлга олинган. 

Суд веб-сайтидаги маълумотлар кўра, Сергунин, Липцер ва Кобзев экстремистик ташкилотда иштирок этганликда айбланмоқда (Жиноят кодексининг 282.1-моддаси 2-қисми), ушбу модда бўйича улар олти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Юрист Вячеслав Гимадининг таъкидлашича, учала адвокат ҳам ҳозирда Жиноят-процессуал кодексининг 91-моддаси – гумонланувчини ушлаб туриш учун далиллар мавжудлигига асосланиб, ушлаб турилибди. 

Навальнийнинг иттифоқчиси Иван Жданов ўзининг Telegram-каналида мухолифатчи адвокатларининг иш материалларидан парчани эълон қилган. 

Тергов маълумотларига кўра, ҳимоячилар “тузатиш муассасасига кириш учун юридик ёрдам кўрсатишда ўз мақомларидан фойдаланган ҳолда, экстремистик жамият етакчилари, иштирокчилари ва Навальний ўртасида маълумотларнинг мунтазам узатилишини таъминлаган ва улар шу орқали ўз вазифаларини бажаришда давом этган.

Игорь Сергунин 45 ёшда. У вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган эди. Сергунин адвокат бўлгунига қадар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. У Навальний илгари жойлашган Владимир вилоятидаги қамоқхонага бир неча бор бориб, мухолифатчи билан учрашган.  

Вадим Кобзев 40 ёшда. Унинг учта вояга етмаган фарзанди бор. У биринчи марта 2011 йил 5 декабрда Давлат Думаси сайловлари натижаларига қарши ўтказилган митингда ҳибсга олинганидан сўнг, маъмурий ишда Алексей Навальний манфаатларини ҳимоя қилган ва ўшандан бери у аксарият жиноий ишлар бўйича унинг адвокати бўлиб келган.

Алексей Липцер 36 ёшда. Унинг 2021 йилда туғилган вояга етмаган фарзанди бор. Липцер Навальнийни қамоқда бўлганида ҳимоя қилган ва бошқа кўплаб сиёсий мотивли ишлар устида ишлаган.

Маълумот учун, Алексей Навальний 2021 йилнинг февралидан бери қамоқда. Кейин у Ив Роше иши бўйича шартли қамоқ жазоси билан алмаштирилган. У 2023 йилнинг ёзида озод этилиши керак эди, бироқ 2022 йил июнь ойида фирибгарлик иши бўйича янги ҳукм кучга кирган. Унда Навальний тўққиз йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг августь ойида Навальний экстремистик жамият ташкил қилганликда айбланиб, 19 йилга озодликдан маҳрум этилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия адвокат Алексей Навальний Алексей Липцер Игорь Сергунин Вадим Кобзев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг