Навальний экстремизм иши бўйича 19 йилга қамалди

Олам

image

Россиядаги мухолифатчи Алексей Навальний экстремистик жамият ташкил қилганликда айбланиб, 19 йилга озодликдан маҳрум этилди. Москва шаҳар судининг сайёр мажлиси Навальний аввалги иш бўйича жазони ўтаётган Владимир вилоятидаги 6-ахлоқ тузатиш колониясида бўлиб ўтди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Айтилишича, ҳукмни эълон қилиш, шунингдек, иш бўйича суд мажлислари июнь ойининг ўрталаридан бошлаб, ёпиқ эшиклар ортида ўтган. Ҳукм эълон қилинишидан икки ҳафта олдин Навальний жазо камерасига жўнатилган.

Прокурор мухолифатчини қаттиқ режимдаги колонияда 20 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган. Навальнийга 7 та айблов қўйилган:

  • ўз мансаб мавқейидан фойдаланган ҳолда экстремистик жамият тузиш;
  • экстремизмга даъват қилиш;
  • хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда экстремистик фаолиятни молиялаштириш;
  • экстремистик фаолиятга оммавий чақириқлар, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ёки интернетдан фойдаланиш;
  • вояга етмаган шахсни ўз ҳаёти учун хавфли ҳаракатларни содир этишга жалб қилиш;
  • нацизмни реабилитация қилиш, шу жумладан ҳарбий шон-шараф кунлари, фахрийларни таҳқирлаш ёки ватан ҳимоячилари хотирасини ҳақорат қилиш тўғрисида "жамиятга аниқ ҳурматсизликни ифодаловчи" маълумотларни тарқатиш;
  • фуқароларнинг шахсияти ва ҳуқуқларини бузувчи нодавлат нотижорат ташкилотини яратиш.

Шунингдек, “Навальный Live” You-Tube каналининг собиқ техник директори Даниэль Холодний ҳам ўз мансаб мавқейидан фойдаланган ҳолда экстремистик ҳамжамият яратиш ва экстремистик фаолиятни молиялашда айбланган. Унга ҳам ўн йиллик қамоқ жазоси сўралган. Бироқ суд томонидан унга қанча муддат берилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Нега Навальний судланди?

Навальнийга қарши 2021 йил сентябрида экстремистик жамоа тузиш ва унга раҳбарлик қилиш бўйича жиноий иш очилган. Гап Навальний томонидан асос солинган Коррупцияга қарши кураш фонди ҳақида кетмоқда. 2022 йил октябрь ойида Навальний экстремизмга оммавий чақириқлар, экстремистик фаолиятни молиялаштириш ва нацизмни реабилитация қилиш ҳақидаги моддалар бўйича ҳам тергов олиб борилаётганини маълум қилган.

Тергов қўмитаси Коррупцияга қарши кураш фондини "Россия Федерациясида конституциявий тузум асосларини ўзгартириш, Россия Федерациясининг жамоат хавфсизлиги ва давлат яхлитлигига путур етказишга қаратилган экстремистик фаолиятни амалга ошириш мақсадида" ташкил этилган деб ҳисоблаган. Терговчиларнинг таъкидлашича, фонд фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун жамғармалар ва тижорат ташкилотлари, шунингдек, Навальний штаб-квартираси жамоат ҳаракати ташкил этилган. Жамиятнинг вазифалари “давлат органларини обрўсизлантириш, ҳудудлардаги вазиятни беқарорлаштириш, аҳоли ўртасида норозилик кайфиятини шакллантириш ва ҳокимиятни зўравонлик билан алмаштириш зарурлиги тўғрисида жамоатчилик фикрини шакллантиришдан иборат”, деган хулосага келинган. 

Навальний барча айбловларни рад этиб, ишни сиёсий деб атаган.

Маълумот учун, Алексей Навальний 2021 йилнинг февралидан бери қамоқда. Кейин у Ив Роше иши бўйича шартли қамоқ жазоси билан алмаштирилган. У 2023 йилнинг ёзида озод этилиши керак эди, бироқ 2022 йил июнь ойида фирибгарлик иши бўйича янги ҳукм кучга кирган. Унда Навальний тўққиз йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинган. Бундан ташқари, жорий йилнинг апрель ойида Навальний ўзига қарши янги иш очилганини, бу сафар терроризмга оид жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган. Бу иш ҳарбий суд томонидан кўриб чиқилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Навальний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг