Навальнийга яна 9 йил қамоқ “илинди”

Олам

image

Бугун, 22 март куни Москванинг Лефортово суди россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни фирибгарлик ва судга ҳурматсизлик қилгани учун тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилди ва 1,2 миллион рубль (11,4 минг доллар) миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.

Қайд этилишича, судья Маргарита Котова уни адолатга ҳурматсизлик (Жиноят кодексининг 297-моддаси 1, 2-қисмлари) ва тўртта ўта йирик миқдордаги фирибгарлик (Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми) бўйича айбдор деб топган. Навальний эса ўз айбини тан олмаган. У жазони қаттиқ тартибдаги колонияда ўтайди.

Прокурор уни икки йилга озодликдан маҳрум қилиш ва 1,2 миллион рубль миқдорида жарима билан 13 йилга қамашни сўраган. Жараён Владимир вилояти Покров шаҳридаги 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясида сайёр режимда бўлиб ўтган. У ерда Навальний “Ив Роше” иши бўйича жазони ўтамоқда.

Маълумот учун, Навальнийга нисбатан фирибгарлик иши 2020 йилнинг охирида очилган. Тергов қўмитасининг маълум қилишича, Навальний турли фондларга, жумладан Коррупцияга қарши курашиш фондига ўтказилган 588 миллион рублнинг 356 миллионини шахсий мақсадларда сарфлаган.

Шунингдек, у 2021 йилда Тинчлик судьяси Вера Акимовани ҳақорат қилган. Сиёсатчи ушбу суд жараёнида давлат айбловчиси Екатерина Фролова ва фахрийнинг набираси Игорь Колесниковни ҳам ҳақорат қилган.

Аввалроқ, Россияда давлат айбловчиси мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийни фирибгарлик ва судни ҳақорат қилганликда айблаб, 13 йил қамоқ ва 1,2 миллион рубль миқдорида жаримага ҳукм қилишни сўрагани ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот учун, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ўтган йилнинг 20 августида Россиянинг Томск шаҳрида заҳарланганидан сўнг, Германияда 4 ой даволаниб, жорий йилнинг 17 январь куни Россияга қайтди ва дарҳол ҳибсга олинди.

Кейинроқ “Ив Роше” иши бўйича суд қилинган мухолифатчи 3,5 йилга қамалди. Ўлишига бир бахя қолган Навальнийнинг ўзи бир қатор интервью ва чиқишларида жонига суиқасд қилинишида тўғридан-тўғри Путинни айблаган.

2021 йилнинг 19 январь куни Навальний томонидан ташкил қилинган Коррупцияга қарши кураш фонди “Путиннинг қасри” ҳақидаги фильмни эълон қилди. У 100 миллион мартадан ортиқ томоша қилинди, ижтимоий тармоқлар эса шу мавзудаги мемларга тўлиб кетди. Ҳукумат унинг қаср эмас, апарт-меҳмонхона эканлигини ва унга Путин эмас, балки унинг дўсти Аркадий Ротенберг эгалик қилишини маълум қилди.

Москванинг Симонов туманлараро суди 2 февралда Навальнийни “Ив Роше” иши бўйича айбдор деб топиб, унинг жазони колонияда ўташи ҳақида қарор чиқарганди. Москва шаҳар суди 20 февралда қарорни қонуний деб топди ва суд ҳукми кучга кирди. Навальний колонияда яна 2,5 йил давомида суд белгилаган жазони ўтайди.

Эслатиб ўтамиз, Россия мухолифати етакчиси, сиёсатчи Алексей Навальний Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бош мукофоти “Фикр эркинлиги учун” Андрей Сахаров мукофотини олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг