Европа “Путиннинг асирини” мукофотлади
Олам
−
20 Октябрь 2021
7781Россия мухолифати етакчиси, сиёсатчи Алексей Навальний Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бош мукофоти “Фикр эркинлиги учун” Андрей Сахаров мукофотини олди. Бу ҳақда “Associated Press” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Навалний номзоди “эркинлик, демократия ва инсон ҳуқуқлари учун курашда кўрсатган жасорати учун” Европа Парламентининг энг йирик фракцияси – Европа Халқ партияси ва либералларнинг учинчи йирик фракцияси “Европани янгиланг” томонидан илгари сурилган. Улар сиёсатчини Россия Президенти Владимир Путиннинг “асосий сиёсий рақиби” деб аташган.
Маълумот учун, Сахаров мукофоти Европа Парламенти томонидан 1988 йилда тасдиқланган ва “бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари учун курашда алоҳида ҳисса қўшган” шахсларга берилади. Ушбу мукофот совет олими, инсон ҳуқуқлари фаоли ва диссидент Андрей Сахаров шарафига номланган.
2020 йилда ушбу мукофотни Беларусь мухолифати вакиллари, 2019 йилда уйғур олими, жамоат арбоби ва Хитойдан уйғурлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Илҳом Тохти, 2018 йилда эса украиналик режиссёр Олег Сенцов олган.
Алексей Навальний ҳозир Владимир вилоятининг Покров шаҳридаги 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясида сақланмоқда. У Германиядан ватанига – Россияга қайтгач суд қилинди ва қамалди: жорий йилнинг февраль ойида у “Ив Роше” иши бўйича 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бундан аввал, 2020 йил августда Алексей Томск шаҳрида заҳарланганди. Ўлишига бир бахя қолган Навальний бир қатор интервью ва чиқишларида жонига суиқасд қилинишида тўғридан-тўғри Путинни айблаган.
Эслатиб ўтамиз, Американинг “Time” журнали ўз версиясига кўра 2021 йил учун дунёнинг энг нуфузли 100 кишиси рўйхатини эълон қилиб, уларнинг орасига Алексейни ҳам киритганди.
LiveБарчаси