Навальний жамоаси Россия Мудофаа вазири “зам”ининг АҚШ билан алоқаларини фош қилди

Олам 18275
image
-

Кеча, 10 август куни россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийнинг шериклари Россия Мудофаа вазири ўринбосари Алексей Криворучко ва унинг АҚШ билан алоқалари бўйича суриштирувни эълон қилди.

Навальнийнинг YouTube’даги каналида эълон қилинган 11 дақиқалик видеода амалдор хизматга киришдан олдин Маямида қандай қўним топгани ва қизларини Америка паспортлари билан таъминлагани ҳақида ҳикоя қилинади.

Тергов маълумотларига кўра, Мудофаа вазирлигига тайинланишидан олдинги олти йил ичида Криворучко Қўшма Штатларга 26 марта, кўпинча Маямида бўлган. 2011 йилда у ўша ерда 5256 Fisher Island Drive компаниясини очган ва у квартирани рўйхатдан ўтказган. 255 квадрат метрлик квартира бир неча миллион долларга баҳоланмоқда. Кейинчалик Криворучко уни ўз компаниясининг ходими Михаил Тиратурян номига қайта расмийлаштирган.

“Bloomberg” томонидан 2018 йилда эълон қилинган маълумотга кўра, Тиратурян Криворучко бошчилигидаги Россиянинг Калашников концерни маҳсулотларини АҚШда сотишни йўлга қўйиши керак бўлган.

Рублёвкада уй

Маямига сафарларида Россия Федерацияси Мудофаа вазири ўринбосарига рафиқаси – “Мисс Москва-2001” унвони соҳиби Екатерина Торопова ҳамроҳ бўлган, у 2007 йилда эрининг фамилиясига паспорт олган. Навальний жамоаси 2012 йил 4 август куни АҚШда жуфтликдан София исмли қиз туғилганини аниқлаган ва бу унга Америка фуқаролигини олиш имконини берган. Криворучконинг 2016 йил 23 сентябрда туғилган иккинчи қизи Анна ҳам АҚШ фуқаролигини олиш ҳуқуқига эга. Ўша пайтда Екатерина Криворучко АҚШда бўлган.

Россияда Криворучконинг бир қанча ҳашаматли мулки ҳам бор, дейди Навальнийнинг ҳамкорлари. 2019 йилда у Рублёвкада 1492 квадрат метрлик уй ва қиймати 500 миллион рублдан ортиқ 35 гектар ер сотиб олган. Яна 116 гектар декларация қилинмаган ер унинг компанияси томонидан узоқ муддатли фойдаланишда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 832
Рейтинг: 3
t
×