“Навальный” “Оскар”ни қўлга киритди
Олам
−
13 Март 2023
898729 ёшли канадалик режиссёр Дэниэл Роэр томонидан суратга олинган “Навальный” фильми “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинацияси бўйича “Оскар” мукофотига эга чиқди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, тақдирлаш маросимида Навальнийнинг маслакдоши Мария Певчих, рафиқаси Юлия, қизи Дария ва ўғли Захар иштирок этган. Уларнинг барчаси фильм режиссёри билан биргаликда саҳнада мукофотни қабул қилиб олган.
“Мен ушбу мукофотни Алексей Навальнийга ва дунёдаги барча сиёсий маҳбусларга бағишламоқчиман”, деган фильм режиссёри Дэниэл Роэр “Оскар”нинг олтин ҳайкалчасини олган пайтда.
Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная мукофотни қабул қилиб олиш учун саҳнага чиқиб, эри бир кун келиб озод бўлишини ва Россия яна эркин мамлакатга айланишини орзу қилишини айтган.
“Эрим фақат ҳақиқатни айтгани учун қамоқда. Эрим фақат демократияни ҳимоя қилгани учун қамоқда. Алексей, мен сиз озод бўладиган ва мамлакатимиз озод бўладиган кунни орзу қиламан. Кучли бўлинг, менинг севгилим”, деган у.
Маълумот учун, “Навальный” ҳужжатли фильмининг премьераси 2022 йил 25 январь ойида “Saundance” фестивалида бўлиб ўтган эди. Фильм 2020 йилнинг август ойида россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ воқеалар ҳақида ҳикоя қилади. Дэниэл Роэрнинг ушбу ҳужжатли фильми томошабинлар томонидан илиқ кутиб олиниб, 2022 йилнинг 29 январида “Favorite Festival” мукофотини қўлга киритган. Шунингдек, ушбу ҳужжатли фильм Британиянинг BAFTA мукофотига сазовор бўлган.