Путин бошига битилган бало. Навальний асирга айланганига бир йил тўлди

Бу қизиқ

image

“Ҳар қандай қувват рақобатсиз пасаяди”.

Алексей Навальний 

Ғарб сиёсатчиларида бир нақл бор: сиёсат мухолифатдан куч олади. Бироқ бу ҳақиқатни рад этувчи давлатлар талайгина. Асосан бошқарув шакли авторитар ва диктатура бўлган мамлакатларда мухолиф партия тузиш ва унга аъзо бўлиш тақиқланган. Постсовет ҳудудида ҳаёт кечирадиган инсонлар “мухолифат” вакилларини душман деб билади. Аммо бу жуда нотўғри.

Бундан роппа-роса бир йил олдин 2021 йил 17 январь куни россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний Германияда даволаниб, ўз ватанига қайтиб келаётганди. Навальний чиққан “Победа” рейси Москванинг “Внуково” аэропортига қўнмади. Самолёт капитанига рациядан йўналишни ўзгартириш ҳақида буйруқ келди. Москва ҳудудига кирган учоқ йўналишни ўзгартириб, “Шереметьево” аэропортига қўнди. Бу ерда Навальнийни бир гала ОМОНчилар “ўта мамнунлик” билан қарши олишди. Хўш, нега Навальний бундай кутиб олинди? У қандай жиноят қилганди? Бугун унинг аҳволи қай ҳолатда?

Навальнйнинг сиёсатга қадам қўйиши

Алексей Навальний 1976 йил 4 июнда Москва вилояти Одинцово тумани Бутин ҳарбий шаҳарчасида туғилган. У 17 ёшида Москва яқинидаги ўрта мактабни тамомлаган. 1998 йилда Навальний Россия Халқлар дўстлиги университетининг юридик факультетини битиргач, “Аэрофлот” банкига ишга кирган. 2004 йилда у коррупцияга ва фуқароларнинг ҳуқуқларини бузишга қарши курашувчи “Москваликларни ҳимоя қилиш қўмитаси” га асос солди ва унинг раҳбарларидан бирига айланди. 2006 йилда Навальний телевидениеда “Сиёсий баҳслар” дастурида бошловчи сифатида ишлади.

Навальний 2011 йилда Россия думмасига ўтказилган депутатлик сайловини танқид қилди. Минглаб одамлар олдида нутқ сўзлаган Навальний “Ягона Россия” партиясини “фирибгарлар, ўғрилар ва қотиллар партияси” деб атади. 

Тадбир тугагандан сўнг, у яна бир неча юз нафар намойишчилар билан Лубянкадаги Россия Марказий сайлов комиссияси биносига рухсат этилмаган юришда иштирок этди ва полиция томонидан ҳибсга олинди. У билан бирга мухолифат етакчиси Илья Яшин ҳам ҳибсга олинган.

Навальний 2013 йилда Москва мэрлигига ўз номзодини қўйди ва иккинчи ўринни олди. 2016 йилда эса у Россия президентлик сайловларида қатнашиш нияти борлигини маълум қилди ва шу тариқа катта сиёсатга кириб келди.

Навальнийнинг заҳарланиши

2020 йил 20 август куни Навальний Томск аэропортидан самолётга ўтирди. Учоқ ҳавога кўтарилгач, россиялик сиёсатчининг тоби қоча бошлади. Самолёт зудлик билан Омскка қўнди. Текширувлар натижасида Навальний заҳарланганлиги маълум бўлди. Шундан сўнг, сиёсатчининг тарафдорлари уни хорижга олиб чиқиш учун Кремлдан ёрдам сўради. Президент Матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Ўша куннинг ўзида Германия ва Франция етакчилари ҳам Алексей Навальнийга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди. 21 август куни Навальний хориждан келган махсус самолётда Германияга жўнаб кетди. Европа Иттифоқи мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний билан боғлиқ вазият сабаб Россиянинг айрим амалдорларига санкция қўллади.

Россияга қайтган Навальний

Мухолиф сиёсатчи Германияда даволангач, 2021 йилнинг январь ойида Россияга қайтишини эълон қилди. 17 январь куни у Москвага оёқ қўйиши билан бир гала ОМОНчилар томонидан ҳибсга олинди. Навальний чиққан “Победа” рейси Москванинг “Внуково” аэропортига қўниши керак эди. Бироқ самолёт йўналишини ўзгартириб, “Шереметьево” аэропортига қўнган. Мухолифатчи “Ив Роше” жиноят иши доирасида ҳибсга олинган.

Шу куни АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Россиядан Навальнийни зудлик билан озод қилишни сўради.

2021 йил 18 январь куни Алексей Химки шаҳар суди томонидан 30 кунга озодликдан маҳрум этилди. Суд жараёни эса тартибга кўра суд залида эмас, балки полиция бўлинмасида бўлиб ўтди. Бундан ташқари, 2 февраль куни Навальний устидан навбатдаги суд жараёни ўтказилди. У “Ив Роше” компаниясининг пулларини ўзлаштиришда айбланди. Сиёсатчига 3,5 йиллин қамоқ жазоси “илиб” қўйилди.

АҚШ ва Европа Россиядан Навальнийни озод қилишни талаб қилди

21 январь куни Германия канцлери Ангела Меркель Москвада 30 кун ҳибсга маҳкум қилинган Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальнийни озод қилишни сўраб шундай деди:

“Мен Навальнийни зудлик билан озод қилишга чақираман”,

АҚШ Президенти Жо Байден ҳам Давлат департаментидаги нутқида Россия расмийларини Алексей Навальнийни зудлик билан озод қилишни сўради:

“Навальнийнинг сиёсий мотивли хулосаси ҳамда Россиянинг митинг эркинлигини бостиришга уринишлари бизни ва бутун дунё жамоатчилигини чуқур ташвишга солмоқда. Навальний коррупцияни фош қилишни мақсад қилди. Уни зудлик билан ва шартсиз озод қилиш керак”.

Россияни титратган намойишлар

2021 йил 23 январь куни Россия Федерациясининг бир қанча ҳудудларида мухолифатчи Алексей Навальнийнинг тарафдорлари норозилик намойишларини уюштирди. Оқибатда, айрим ҳудудларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ва митинг иштирокчилари ўртасида тўқнашувлар содир бўлди. Бу митинглар бутун Россияни зир титратди.

Москванинг Тверь суди россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг укаси Олегни санитария-эпидемиология меъёрларини бузганлиги сабабли уй қамоғида ушлаб туриш бўйича қарор чиқарди. Бундан ташқари, полиция Олег Навальний, Мария Алехина, Анастасия Васильева, шунингдек, Коррупцияга қарши кураш фонди ходимлари Олег Степанов ва Любовь Соболни Москвадаги рухсатсиз митинглар пайтида санитария меъёрларини бузиш бўйича тергов доирасида ҳибсга олди.
 
2021 йил 31 январь куни Россия шаҳарларида мухолифатчи Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун режалаштирилган намойишлар бошланди. Митинг Хабаровск ва Владивосток шаҳарларида ўтказилди. Шу куни Москвада ўтаётган намойишларда Алексей Навальнийнинг турмуш ўртоғи Юлия Навальная ҳибсга олинди.

5 февраль куни Россия 3 та давлат яъни Германия, Польша ва Швеция дипломатларини “персона нон грата” (исталмаган шахс) деб эълон қилди ва улардан мамлакатни тарк этишни сўради. Уч европалик дипломатнинг Россиядан чиқариб юборилишига мамлакатда мухолифатчи Алексей Навальний чақириғи билан 23 январь куни бўлиб ўтган ноқонуний намойишларда дипломатларнинг қатнашгани сабаб қилиб кўрсатилди.

Путин саройи кимга тегишли?

Россиялик мухолифат етакчиси ҳибсда бўлган вақтда унинг YouTube’даги платформасида “Путин учун сарой” номли суриштирув фильми эълон қилинди. Фильмда Геленжик яқинида, Қора денгиз соҳилида жойлашган, умумий 17 691 метр квадрат майдонни эгаллаган сарой Путин номи билан боғланган.

Кўп ўтмай, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин “Путин учун сарой” фильмига муносабат билдириб шундай деди:

“Мен ушбу фильмни кўрмадим. Шунчаки бундай маълумотларни кўриш учун бўш вақтим бўлмайди. Лекин ёрдамчиларим олиб келган видеоларни кўздан кечиряпман. У ерда менинг мулким сифатида кўрсатилган ҳеч нарса, на мен, на менинг яқин қариндошларимга тегишли ва ҳеч қачон бўлмаган. Ҳеч қачон!”.

Тез орада Кремль “Путин учун сарой” фильмидаги сарой кимники эканини очиқлади. Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков бу сарой бир ёки бир нечта тадбиркорнинг мулки эканлигини таъкидлади.

Аҳволи оғирлашган Навальний

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийни озод қилиш бўйича 45 мамлакат томонидан имзоланган баёнот БМТнинг Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этилди. Ушбу баёнотни қабул қилган мамлакатларнинг асосий қисми Европа давлатлари ҳисобига тўғри келади. Бундан ташқари, улар орасида АҚШ, Австралия, Канада ва Япония ҳам бор эди. 

2021 йил 24 март куни Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная яна Россияни тарк этди ва Германияга кетди. Эртаси куни Россиянинг Владимир вилоятидаги колонияда бўлган мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг соғлиғи жуда ёмонлашади. Шундан сўнг АҚШ Президенти маъмурияти Россия мухолифати етакчиси Навальнийнинг соғлиғи ёмонлашаётгани ҳақидаги хабарлардан хавотирда эканлигини таъкидлади.

6 апрель куни “Шифокорлар иттифоқи” раҳбари Анастасия Васильева ва йигирмага яқин фаол Алексей Навальний сақланаётган ахлоқ тузатиш муассасасига келди. Шифокорнинг сўзларига кўра, Навальнийнинг умуртқа поғонасида чурра бор ва бу белдан пастки қисмларни фалаж ҳолатига олиб келиши мумкин.

АҚШ ва Европа Навальнийнинг соғлиғи билан боғлиқ воқеалар ривожини диққат билан кузатди. АҚШ расмийлари Россия мухолифатининг етакчиси Алексей Навальний қамоқда вафот этса, бу Россия учун ёмон оқибатларга олиб келишини айтиб, огоҳлантирди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Парламент Ассамблеяси расмий Москвадан Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийни 7 июнга қадар озодликка чиқаришни сўради ва шу билан бир қаторда, унга зарур тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилди. Бироқ Россия бунга рад жавобини берди.

Европа “Путиннинг асирини” мукофотлади

2021 йил 20 октябрь куни Россия мухолифати етакчиси, сиёсатчи Алексей Навальний Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бош унвони – “Фикр эркинлиги учун” Андрей Сахаров мукофотини олди. Бундан ташқари, Американинг “Time” журнали ўз версиясига кўра, 2021 йил учун дунёнинг энг нуфузли 100 кишиси рўйхатига россиялик мухолифатчини ҳам киритди.

Маълумотларга кўра, Алексей Навальний ҳозир Владимир вилоятининг Покров шаҳридаги 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясида сақланмоқда.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

174

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг