Навальний ҳимоячилари: 45 та давлат Россиядан мухолифатчини озод қилишни сўрамоқда

Олам

image

Польша Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийни озод қилиш бўйича 45 мамлакат томонидан имзоланган баёнотни БМТнинг Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этди. Бу ҳақда “Reuters” нашри ёзмоқда.

Маълум қилинишича, ушбу баёнотни имзолаган мамлакатларнинг асосий қисми Европа давлатлари ҳисобига тўғри келади. Бундан ташқари, улар орасида АҚШ, Австралия, Канада ва Япония ҳам бор. 

“Биз Россия Федерациясини жаноб Навальний ва барча ноқонуний ёки ўзбошимчалик билан ҳибсга олинганларни, шу жумладан тинч йиғилишлар ва уюшмалар эркинлиги, фикр ва сўз ҳамда дин ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқларидан фойдаланганларни зудлик билан ва шартсиз равишда озод қилишга чақирамиз”, дейилади баёнотда. 

Шунингдек, баёнотда Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаган намойишчиларнинг ҳибсга олиниши бўйича хавотир билдирилган.

Британиянинг БМТдаги доимий вакили Жулиан Брейтуэйт мухолифатчининг заҳарланиши ва Ҳукуматнинг ушбу ҳолатни тергов қилишдан бош тортиши, шундан сўнг Навальнийнинг қамалиши билан боғлиқ вазиятни шармандали, деб атаган.

Эслатиб ўтамиз, 2 март куни АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши Алексей Навальний иши бўйича санкциялар киритди. Россиянинг илмий ташкилот ва компаниялари шунингдек, юқори мартабали амалдорлар чекловларга тушди. Ўз навбатида, Россия ҳам санкцияларга жавоб қайтариш ниятида.

Маълумот ўрнида, 2 февраль куни Москванинг Симоновск суди Алексей Навальнийнинг “Ив Роше” иши бўйича шартли ҳукмини ҳақиқий жазо билан алмаштирди. Мухолифатчи 2,5 йилни колонияда ўтказадиган бўлди. Бундан ташқари, суд Иккинчи Жаҳон уруши фахрийсига қарши туҳмат ҳолати бўйича Алексей Навальнийга 850 минг рубль миқдорида жарима ҳам солган.


Мақола муаллифи

Теглар

Навальний

Баҳолаганлар

141

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг